
9 октябрь — Бутунжаҳон почта куни
Почта тарихи ҳақида гап кетса, кўпчилигимиз илк ёзишмаларни ташиган кабутарлар ҳақида эслаймиз. Бугунги кунга келиб эса почта тушунчасига махсус жўнатмаларни ҳам киритиб гапира оламиз. Чунки тараққиёт ўзаро хат алмашишнинг янада қулай воситаларини тақдим этиб улгурди. Аммо бу — почта орқали ўзаро хат алмашишлар бўлмайди, дегани эмас.
Бугун, 9 октябрь — Бутунжаҳон почта куни. Бу куннинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 1874 йил 9 октябрь куни Швейцария пойтахти Берн шаҳрида Бутунжаҳон почта иттифоқи (БПИ) ташкил топган. Бу кунни “Бутунжаҳон почта куни” деб эълон қилиш ҳақида 1969 йили Токиода бўлиб ўтган Бутунжаҳон почта иттифоқининг навбатдаги Конгрессида расман қарор қабул қилинган.
Бутунжаҳон почта кунининг асосий мақсадларидан бири почта соҳасини давлатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшаётган ҳиссасини татбиқ этишдир. БПИга аъзо давлатлар томонидан миллий почта хизмати фаолиятига оид тадбир дастурлари қабул қилиниб, оммавий ахборот воситалари орқали аҳолини таништиради. 1994 йили Ўзбекистон Республикаси Бутунжаҳон почта иттифоқига тўла ҳуқуқли аъзо давлат сифатида қабул қилиниб, бугунги кунда дунёнинг деярли барча давлатлари билан халқаро почта алмашинувларини амалга ошириб келмоқда.
Аслида почта хизмати деганда нималар кўз олдимизга келади ва бу қандай тушунчаларга асосланади?!
22 йил 9 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси почта алоқаси тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига кўра, юртимизда почта ҳақида асосий тушунчалар қўйидагича белгиланган:
адресат — ўзига почта ёки курьерлик жўнатмаси жўнатилаётган юридик ёки жисмоний шахс;
ёзма хат-хабарлар — оддий ва рўйхатга олинадиган хатлар, почта варақчалари, бандероллар, майда пакетлар, кўзи ожизлар учун жўнатмалар ва “М” қоплари;
курьерлик жўнатмалари — жўнатилиши почта курьери орқали амалга ошириладиган, ҳужжатлар ва (ёки) товар жойланмаси мавжуд бўлган жўнатмалар;
посилка — белгиланган ўлчамдаги, оғирликдаги ва ўровдаги товар жойланмаси мавжуд бўлган, рўйхатга олинадиган почта жўнатмаси;
почта алоқаси — почта алоқаси воситалари ва объектларининг ягона ишлаб чиқариш-технология мажмуидан иборат бўлган, почта алоқаси хизматлари кўрсатилишини таъминлайдиган алоқа тури;
почта алоқаси воситалари — почта алоқаси хизматлари кўрсатиш учун фойдаланиладиган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, ускуналар, таралар, техника ва транспорт воситалари;
почта алоқасининг миллий оператори — Ўзбекистон Республикаси доирасида почта алоқаси хизматлари бозоридаги талабни қаноатлантириш, мажбурий равишда универсал почта хизматлари кўрсатиш бўйича вазифаларни ва Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш вазифалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўз зиммасига юклатилган почта алоқаси оператори;
почта алоқаси объектлари — почта алоқаси операторининг алоҳида бўлинмалари (почтамтлар, почта алоқаси боғламалари, бўлимлари, пунктлари, шунингдек бошқа бўлинмалар);
почта алоқаси оператори — мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида почта алоқаси тармоғига эгалик қилувчи ва фаолиятнинг асосий тури сифатида почта алоқаси хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;
почта алоқаси провайдери — почта алоқаси операторларининг тармоғи орқали почта алоқаси хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;
почта алоқаси тармоғи — почта алоқаси воситалари, объектлари ва почта йўналишларининг мажмуи;
почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш — почта ва курьерлик жўнатмаларини қабул қилиш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш, ташиш, етказиб бериш (топшириш) бўйича технологик операциялар мажмуи;
почта жўнатмалари — почта жўнатмасида кўрсатилган почта манзили бўйича адресатга жўнатиш учун почта алоқаси оператори ёки провайдери томонидан қабул қилинган ёзма хат-хабар жўнатмалари, посилкалар, пул маблағларининг почта ўтказмалари...
Интернет ривожи ва бутун дунёда почтанинг анъанавий хизматларига талаб камайиши дунёда почта операторларининг даромадига ҳам салбий таъсир эта бошлагач, баъзи мамлакатлар буни давлат субсидиялари билан ҳал қилса, бошқа операторлар янги муқобил даромад манбаларини топиш мақсадида трансформация жараёнларини бошдан кечиришмоқда.
Ҳар бир соҳа замон билан ҳамнафас бўлиб, ўз фаолиятига янгиликларни сингдира олсагина жамиятда ўрнини мустаҳкамлаб бораверади. Шу маънода кўплаб давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам почта мижозлари ўз уйларидан чиқмасдан туриб жўнатмаларини веб-сайт, мобил илова ёки Telegram бот орқали расмийлаштиришлари учун имкониятлар яратилган. Компания вакиллари бу тизим ортиқча қоғозбозликни қисқартиришга ёрдам беради. Шунингдек, логистика тизими орқали мижозларга ўзларининг жўнатмаларини онлайн кузатиб бориш (tracking) имконияти ҳам мавжуд.
Бу эса жўнатмаларнинг қайси босқичлардан ўтиб келаётгани ҳақида маълумот бериб боради. Шу ўринда почта билан боғлиқ яна бир техника имкониятлари ҳам синаб келинмоқда: бу почтачи-дронлар бўлиб, 100 килограммгача юк таший олар ва бир кунда 2 та рейсни амалга ошира олар экан. Шунингдек, дронлар мактубларни аҳоли пунктигача олиб бориши, қабул қилувчига эса маҳаллий почтачилар етказиб бериши лозим бўлади. Бир пайтлари кабутарлар қилган хизматни дронлар тўлиқ “қўлга олиб”, юк жўнатмалари осмон бўйлаб етказилаётганига кўзингиз тушса, ажабмас.
Абдулазиз Рустамов, ЎзА