Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Тошкентнинг Чилонзор тумани Наққошлик кўчаси 21-кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар томонидан мурожаат йўлланди.
Мурожаатда ушбу кўп қаватли уйнинг ҳолати жуда эскиргани, деворлари ёрилиб, аҳоли яшашига хавф солаётгани баён қилинган. ЎзА жамоаси ушбу манзилда бўлиб ҳолатни тасвирга олди. Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам уйнинг умумий ҳолати эскиргани, кўп қаватли уйлар хонадонларини бошқариш тамойилларига риоя қилинмагани маълум бўлди.
Мазкур уйдаги айрим хонадонларнинг ички деворларида ёриқлар пайдо бўлган. Хонадон эгаларининг айтишича, вақт ўтган сайин ёриқлар катталашиб бормоқда. Уйга кираверишдаги йўлаклар, пиллапояларда ҳам чўкиш, катта-кичик ёриқлар ҳосил бўлган. Бир сўз билан айтганда, мазкур уй авария ҳолатига келиб қолган.
Аҳолининг сўзларига кўра, яқинда уй остидаги эски иссиқ ва совуқ сув қувурлари ёрилиб, сув узоқ муддат давомида оқиб ётган. Бундан ҳеч кимнинг хабари бўлмаган. Натижада ушбу уйнинг фундаменти ва кўтариб турувчи асосий деворларига жиддий зарар етган.
– Тунда ёрилган деворларнинг ғичирлашини эшитамиз. Тошкент кучли сейсмик зонада жойлашган. Агар зилзила бўлса уйимиз чидайдими ёки қулаб тушадими билмаймиз. Фарзандларимиз ҳаёти хавф остида, – дейди аҳоли вакиллари биз билан суҳбатда.
Чилонзор тумани ҳокимлигининг коммунал бўлим бошлиғи Абдулло Асқаров юқоридаги муаммолардан хабардор эканлиги, ҳозирда камчиликларни бартараф этиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди ва 21-кўп қаватли уйнинг коммуникация тизимини янгилаш бўйича Чилонзор тумани ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида тузилган дастурни тақдим этди. Қайд этилишча, Чилонзор туманидаги коммуникация тизими эскирган уйлар 300 тани ташкил қилар экан. “Наққошлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 21- кўп қаватли уй мазкур рўйхатга 276-ўринда киритилган. Вазият эса ушбу навбатни кутадиган даражада эмас, масъулларнинг бу ҳаракатсизлигидан кўра, девордаги ёриқлар тезроқ катталашиб бормоқда.
Уй йўлакларидаги кириш эшиклари янгисига алмаштириш баҳонасида олиб кетилган. Аммо янгисидан дарак йўқ. Энг ачинарлиси, аҳоли иложсизликдан авария ҳолатидаги уйда, деворларнинг қулаб кетишидан чўчиб, ҳаётининг ҳар бир дақиқасини ваҳимада ўтказмоқда.
Бундан ташқари, кўп қаватли уйнинг ташқи фасадида намлик ва зах асоратлари бор. Бу уйнинг том қисми ҳам таъмирталаб эканлигидан далолат беради.
Мазкур муаммо юзасидан кўп қаватли уйларни бошқариш, сақлашга масъул бўлган “Comfort Universal Trade” МCHJ Бошқарув сервис компаниясига мурожаат қилинган. Бироқ, компания фуқароларга аввал коммунал соҳа учун олинган кредит қарздорлигини тўласа, кейин таъмирлаши мумкинлигини айтиб, вазиятдан осонгина чиқмоқда. Аҳоли эса юзага келаётган муаммоларнинг бирортаси ҳал бўлмай туриб, нима учун тўлов қилишга мажбурликларини тушунолмаяпти. Уларга қачон, нима учун, қанча миқдорда кредит олингани, маблағлар қайси мақсадларга сарфлангани бўйича ҳисобот берилмаган. Ачинарлиси, шу шаклда фаолият юритиб келаётган “Comfort Universal Trade” MCHJ БСКнинг мақсад вазифалари, биноси қаерда жойлашганлиги юзасидан ҳам аҳоли маълумотга эга эмас.
Маълумот учун, ўз вақтида жойлардаги БСК томонидан олинган кредит тизими ўзини оқламаганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (ПҚ-5152 сонли) қарори доирасида кўп қаватли уйларга коммунал хизматлар кўрсатиш ва истеъмолчиларнинг ягона шахсий ҳисобини жорий этиш ахборот биллинг тизими жорий этилган. Мазкур тизимни юритиш орқали кўп қаватли уйларни бошқариш ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш, уй-жой мулкдорлари билан ўзаро мулоқотни соддалаштириш, кўп қаватли уйларни бошқариш ташкилотлари, бажарилган ишлар, олинган кредитлар, турар-жой биноларининг ўлчами ва ҳолати, қарздорликлар ва тўланган тўловлар тўғрисидаги статистик маълумотларни ягона маълумотлар базасига жойлаб бориш назарда тутилган.
Аммо мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти борасида тушунтириш ишлари рисоладагидек олиб борилмаётгани боис ҳам жойларда аҳоли ва БСКлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқмоқда.
Мисол учун, 21-кўп қаватли уй аҳолиси “Comfort Universal Trade” МCHJ БСК раҳбарига аввал уйнинг муаммоли қисмларини таъмирласа, кейин биллинг тизими орқали банк ҳисоб рақамига тўлов қилишлари мумкинлигини айтмоқда. БСК эса негадир аҳолининг бу шартига кўнишни истамаётган экан. Икки ўртада давом этиб келаётган муросасизлик эса 21- кўп қаватли уй ҳолатини янада оғирлаштирмоқда.
Ҳадемай, ёғингарчилик мавсуми бошланишини ҳисобга олсак, аҳолига икки ҳисса жабр бўлади. Сабаби, кўп қаватли уйнинг ҳолатини яхшилаш ишлари яна ортга чўзилади. Бир сўз билан айтганда 21-кўп қаватли уйда яшовчи аҳолининг ҳаёти жиддий хавф остида. Эҳтимол, бирор кор-ҳол юз берсагина, масъуллар жавобгарликдан қочиш учун ҳам ҳаракатни бошлар?
Маълумот учун, ЎзА бундан аввалроқ ҳам Чилонзор туманидаги бир неча маҳаллаларда аҳоли дуч келаётган муаммоларни ёритган эди. Аммо суриштирувлар давомида ўртага ташланган камчиликлар юзасидан туман ҳокимлиги на расмий изоҳ билдирди ва на муаммолар бартараф этилди. Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев ОАВ танқидига шу тариқа эътиборсизлик (ҳафсаласизлик) кайфиятини намоён қилмоқда.
Қўлимиздаги яна бир маълумот Наққошлик МФЙдаги 21-кўп қаватли уйнинг муаммолари визуал кўрикдан ўтказилиб, далолатнома тузилганини тасдиқлайди. Унда қайд этилишича, “Наққошлик” кўчасидаги 21- кўп квартирали турар-жой биноси 1970 йилда қурилган бўлиб, мазкур 4 қаватли бинода 3 та подъезд мавжуд, фундаменти бетон, деворлари пишган ғишт, том қисми полизолдан иборат. Турар жой биносида 32 та квартира мавжуд. 102 нафар фуқаро истиқомат қилади. Турар жой биноси ертўла қисмига эга эмас. Ҳозирги кунда ушбу турар жой биносига “Comfort Universal Trade” MCHJ Бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатишга масъул.
Визуал кўрик давомида “Наққошлик” кўчаси 21-кўп қаватли турар жой биносининг кириш йўлаклари ҳамда 3, 6, 9 хонадонларнинг деворларида ёриқлар мавжудлиги аниқлангани айтилган. Бироқ, далолатномада кўп қаватли уйнинг бошқа хонадонларидаги таянч тўсиқ деворлари ва шифтларида ҳам ҳар хил кенгликдаги ёриқлар мавжудлиги юзасидан негадир ҳеч нарса дейилмаган. Масъуллар буни ё кўрмаган ё кўрмаганликка олган.
Ваҳоланки, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан тузилган далолатномада Наққошлик кўчасидаги 21-кўп квартирали уйнинг 20-, 10-, 15-, 14-, 18-, 4-, 23-, 21-, 22-, 32-, 30 хонадонларида ҳам ёриқлар мавжудлиги келтириб ўтилган.
Дастлабки, далолатномада шунингдек, 21- кўп қаватли турар жой атрофидаги катта ҳажмда тўпланиб ётган бетон бўлаклари, чиқиндилар, кўп қаватли уйнинг орқа томонидаги кераксиз қурилиш моллари мавжудлигига эътибор қаратилмаган.
Чилонзор тумани электр тармоқлари бўлими томонидан ўтказилган визуал кўрик давомида 21- кўп қаватли турар жой биноси ТП 1221 подстанциясидан электр манбаи билан таъминланиши, девор ёриқлари ТПдан келган электр узатиш кабелини шикастламагани, бугунги кунда кўрсатилган манзилдаги аҳоли электр манбаи билан таъминлангани, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар йўқлиги айтилади.
“Veolia Energy Tashkent” XK MCHJ корхонаси йўналиши бўйича эса 21- кўп қаватли турар жой биносида 32 хонадон марказий иссиқлик тармоқларига уланган бўлиб, иссиқлик ва иссиқ сув 21-уй хонадонларига “Ҳаво орқали ўтувчи қувурлар” орқали етказиб берилиши, хизмат кўрсатиш мансублилик чегараси уйнинг ташқи девор қисми ҳисобланиши, 21-уйнинг ички иссиқ сув ва иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб, қувурлари таъмирталаб эканлиги аниқланган.
ЎзА ҳолатни тасвирга олиб қайганидан сўнг, бир оз муддат ўтгач мазкур муаммо туман ҳокимининг ўринбосарлари бошчилигида бартараф этилди. Иссиқ сув ва совуқ сув тармоғи пластик қувурларга алмаштирилди. Бироқ аҳоли канализацияга келганда “чугуни бақувват”лиги важи билан текширилмагани, кўрикдан ўтказилмаганини айтмоқда.
“Чилонзортумангаз” таъминоти бўлими йўналиши бўйича 21-кўп қаватли турар жой биносида 32 та хонадон табиий газ билан газлаштирилган бўлиб, ГТП № 14-03-89 орқали табиий газ билан таъминланаётгани, кўп квартирали уйнинг хонадонларида юзага келган ёриқлар йўлакдаги газ қувурларига таъсир кўрсатмагани, ички газ қурилмалари ва газ қувури кўздан кечирилгани, уй ичи ҳамда ташқи газ қувурларига шикаст етмагани ва газ сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланмагани айтилади.
“Сувсоз” тармоқлари бошқармаси томонидан ўтказилган визуал кўрик натижасида сув тизими билан боғлиқ муаммолар йўқлиги маълум бўлган.
Аммо деворлардаги борган сари катталашиб бораётган ёриқларни ҳисобга олсак, бу хулосалар вақтинчалик амал қилиши мумкинлигини инобатга олиш ҳам зарур.
Қолаверса, биз далолатномада бинонинг сейсмик ҳолати текширилганлиги юзасидан берилган визуал хулосани кўрмадик.
Аслида зудлик билан ўтказилиши лозим бўлган ушбу асосий текширув ишлари нега пайсалга солинаётгани ажабланарли.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/j6A3RbvrGyw" title="Уйининг қулашидан қўрқиб яшаётганлар...." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бу юзасидан изоҳ олиш мақсадида туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари К.Хамраев билан боғланишга бир неча бор уриниб кўрдик. Аммо ҳоким ўринбосари қўнғироқларимизга жавоб бермай қўйди.
Шунингдек, Чилонзор тумани ҳокимлигидан мурожаат тушганми йўқми билиш мақсадида биз “УЗГАШКЛИТИ” лойиҳа қидирув ташкилоти билан боғландик. Бизга маълум қилинишича, ташкилот томонидан тўлиқ текширув олиб бориб, хулоса берилиши учун мутахассислар иштирокида ушбу ҳудудда ер ковланиб, инструментал текширув ишлари ўтказилишини тақозо этади. Бу юзасидан туман ҳокимлиги томонидан йўлланган хатга жавобан, “УЗГАШКЛИТИ” лойиҳа қидирув ташкилоти жорий йил 25 августда икки ўртада тузилиши лозим бўлган шартномани юборган. Бироқ, номаълум сабабларга кўра Чилонзор тумани ҳокимлиги ушбу шартномага имзо чекишни кечиктирмоқда. “УЗГАШКЛИТИ” лойиҳа қидирув ташкилоти мижоз ва ҳокимлик ўртасидаги шартнома нусхасидан кўчирма бера олмаслигини билдирди. Наққошлик МФЙ раиси Ш.Атажанова эса ФВВ масъуллари томонидан ҳолатга барча тегишли ташкилотлар эътибори қаратилганини айтади. Аммо натижаси негадир кўринмаяпти. Аҳолининг қайғуси эса ортиб бормоқда.
М.Эшмирзаева,
Д.Ёкубов (видео),
ЎзА