
Бугунги кунда юртимизда жорий этилаётган муқобил энергия турлари, улардан фойдаланиш самаралари хусусида Фанлар академияси Физика-техника институти лаборатория мудири, техника фанлари доктори Жасур Аҳатов билан суҳбатлашдик.
—Бугунги кунда муқобил энергиянинг қанча тури маълум ва Ўзбекистонда уларнинг қайсиларидан кўпроқ фойдаланиш йўлга қўйилган?
— Бугунги кунда юртимизда муқобил энергиянинг қуёш, шамол энергияси, биомасса ёқилғи каби турлари мавжуд. Ушбу муқобил энергия манбаларининг асосини қуёш энергияси ташкил этади. Қолган турлар қуёшдан келаётган нурлар оқимини ер юзасига келиб тушиши ва иккиламчи жараёнларнинг давом этиши натижасида юзага келади.
Қуёш энергиясидан фойдаланишда асосан икки йўналишда ишлар ташкил қилинган. Биринчиси, қуёш энергиясини тўғридан-тўғри электр энергиясига айлантириш ва ундан турли мақсадларда фойдаланиш. Иккинчиси, қуёш энергиясини иссиқлик энергиясига айлантириб, ундан аҳоли иссиқлик таъминотини қоплашда ишлатиш.
—Дунёнинг турли мамлакатларида муқобил энергия тизимига ўтиш жараёнлари қандай кечяпти ва етакчилар қайси давлатлар?
—Қуёш энергиясини электр энергияси ва иссиқлик энергиясига айлантирувчи қурилмаларни ишлаб чиқариш кўлами жиҳатидан Хитой етакчи ўринни эгаллаб турибди. Лекин иссиқлик қурилмаларидан халқ хўжалиги ёки ишлаб чиқаришда фойдаланишда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши Германия, Испания, Япония каби давлатларда кўп.
Ўзбекистон эса ушбу йўналишга энди кириб келаётган давлатлар сафига киради.
— Юртимизда муқобил энергиядан фойдаланиш бўйича қандай амалий ишлар олиб бориляпти?
—Ҳукуматимиз ташаббуси, Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан охирги йилларда муқобил энергиядан фойдаланиш бўйича бир нечта дастурлар, қарорлар ҳамда “йўл харита”лари қабул қилинди. Ўзбекистонда анъанавий ресурслардан фойдаланиш билан бир қаторда ноанъанавий энергия манбалари улушини оширишга қаратилган бир қатор қарорлар қабул қилинди.
Мамлакатимизга чет эл инвесторларини жалб қилган ҳолда кўплаб йирик лойиҳалар, яъни юқори қувватли қуёш электростанцияларини ўрнатиш, ишга тушириш, умумий тармоққа улаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Навоий ҳамда Самарқанд вилоятларидаги қуввати 100 МВтлик қуёш электр станцияларини, 5-10 йилликда бир нечта қуёш, шамол электр станцияларини ишга тушириш бўйича олиб борилаётган лойиҳаларни мисол келтириш мумкин.
— Ўз уйи томига қуёш панелларини ўрнатишни истаган аҳоли кўпроқ нималарга эътибор беришлари керак?
— Қуёш фотоэлектр станциясидан фойдаланишни истаган инсонлар айрим жиҳатларга эътибор қаратиши керак. Биринчиси, кунлик қанча энергия сарфлашини аниқлаши, яъни уйида нечта хонани ёритиши, телевизор, компьютер каби энергия сарфлайдиган қурилмалар оддий ҳисобини қилиб олиши зарур. Кимдадир энергиядан фойдаланиш бир кунлик қуввати 1 киловатт, кимдадир 10 киловаттни ташкил этиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда истеъмолчи қуёш панелларини ўрнатувчи ташкилотларга бирламчи маълумотни беришлари шарт.
— Бугунги кунда оддий аҳоли ўз хонадонига қуёш панелини ўрнатиши учун тахминан қанча маблағ сарфлайди?
—Охирги 1-2 йил ичида қуёш фотоэлектр станцияларни ташкил этувчи қуёш модулларининг нархларида кескин пасайиш юз берди. Ички бозорга кириб келаётган қуёш фотоэлектр панелларининг нархи 45-50 центдан ҳозирги кунда 25 центгача тушди.
Фотоэлектр станцияларни тўғридан-тўғри сетга ёки кичик сетга улайдиган аккумуляторли ва аккумуляторсиз тизим мавжуд. Аккумуляторли тизимларда умумий фотоэлектр станциянинг таннархи қарийб 45-50 фоизини аккумуляторлар ташкил этади. Бу дегани 1 киловаттлик фотоэлектр станция аккумуляторсиз ҳозирги кунда бозорда 8-10 миллион сўм атрофида бўлса, аккумуляторли тизим қилинса, яна 50 фоиз нарх қўшилади дегани.
— Қуёш панелларини ўрнатган аҳоли давлатга солиқ ёки тўловлар тўлайдими?
— Аксинча, бунақа истеъмолчилар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши бўйича керакли ҳужжатлар мавжуд. Яъни, солиқдан озод қилинади. Ҳаттоки томида фотоэлектр станция ўрнатиб, ўзининг истеъмолидан ортиқча энергияни умумий тармоққа берса, ҳар бир киловатт энергия давлат томонидан ҳозирги мавжуд электр энергия таннархидан қиммат нархда сотиб олиниши кўзда тутилган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/LkrV9omyeuY?si=HIDz0eeg4Feoj_D9" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Ҳозирги пайтда ҳудудларда қуёш электр станцияларини сотиб олиш ва ўрнатишни истаган аҳоли учун банклар томонидан микрокредитлар, ҳокимликлар томонидан имтиёзлар берилмоқда.
Нигора Раҳмонова,
Аброр Содиқов (видео), ЎзА