Тошкент вилоятида солиқ органларига юклатилган вазифаларни маҳалла даражасида ташкил этиш борасида ҳудудлардаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг фаолиятини кенгайтириш ва даромадларини ошириш ҳисобига солиқ базасини кўпайтириш юзасидан манзилли ишлар ташкил этилмоқда.
Таҳлилларга кўра, вилоятдаги 1 минг 25 та маҳаллага 509 нафар солиқ хизмати ходими бириктирилган. Эндиликда улар маҳаллаларда солиқ маъмуриятчилиги борасида жами 14 та йўналишда иш олиб боради.
Жараённи кўздан кечириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари О.Файзибоев шаҳар ва туманларда бўлиб, жойларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Дастлаб ташкил этилган учрашувда йиғилганларга янги тизимнинг мақсад ва вазифалари тушунтирилди.
Хусусан, маҳаллага бириктирилган ходим ҳудудидаги солиқ солиш объектларини тўлиқ ҳисобга олади. Солиқ тўловчиларга солиқ ҳисоботларини автоматлаштирилган тизим орқали шакллантиришга ёрдам беради. Тадбиркорларга фаолиятини қонунийлаштиришда ёрдам беради ва улар билан профилактика ишларини олиб боради. Қўшимча манбаларни аниқлаш ҳисобига маҳаллий бюджетга тушумларни кўпайтириш чораларини кўради.
Айни пайтда вилоятда 672 нафар янги якка тартибдаги тадбиркор рўйхатга олинган, яна 470 та фаолиятини тўхтатган тадбиркор фаолияти қайта тикланди. Ўз навбатида 3 минг 232 нафар норасмий ишлаётган фуқаро легализация қилинди. Ўз уйида даромад топаётган 13 минг747 нафар фуқаро эса ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди.
А.Мусаев, ЎзА