
Душанбе шаҳрида “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш шароитида гендер тенглигига эришиш” мавзусида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Мазкур тадбир Марказий Осиё давлат раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви доирасида ташкил этилди.
Маълумки, минтақавий платформа ҳисобланган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотига 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон ташаббуси билан асос солинган. 2021 йилда мулоқотга мамлакатимиз раислик қилган.
Тадбирда Қозоғистон парламенти Спикери ўринбосари, Қирғизистон Жўғорқу кенеш Торағаси ўринбосари, Тожикистон ва Туркманистон депутатлари, давлат органлари раҳбарлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Терроризмга қарши кураш қўмитаси ижроия тузилмаси раҳбари ва Бош котибнинг махсус вакили Наталья Герман иштирокчиларга видеомурожаат қилди.
Йиғилишда иқлим ўзгариши шароитида гендер тенглигига эришиш ҳамда барча аёл ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича келгуси конструктив ҳамкорликни таъминлайдиган платформа яратиш муҳокамалар марказида бўлди. Долзарб муаммоларнинг самарали ечимига қаратилган стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш каби масалаларга эътибор қаратилди. Томонлар ўзаро маълумот ва тажриба алмашди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева ўз сўзида ҳозирги вақтда Марказий Осиё дунёнинг бошқа кўплаб минтақаларига қараганда глобал иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини кўпроқ бошдан кечираётганини, бу, ўз навбатида, сув ресурслари танқислиги, чўлланиш жараёнларини тезлаштираётганини қайд этди.

– Орол денгизининг қуриши оқибатида Оролқум тузли чўлнинг пайдо бўлиши минтақада комплекс экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқарди, – деди Т.Норбоева. – Айнан шу сабабли БМТ Бош Ассамблеяси Орол фожиасини замонамизнинг глобал экологик муаммоси сифатида тан олди. Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти мана шундай глобал муаммоларга эътибор қаратаётгани эътиборга молик. Қолаверса, мазкур тузилма гендер тенглигини таъминлаш борасида талаб юқори бўлган таклифларни ишлаб чиқишда муҳим платформага айланди. Қисқа вақт ичида Мулоқот, авваламбор, давлатлар раҳбарлари, шунингдек, БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари, Парламентлараро иттифоқ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан тан олиниб, жиддий қўллаб-қувватланди.
Мулоқотнинг иш режасида минтақамизда атроф-муҳит билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва гендерга оид жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда уларни ҳал этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилди. Шунингдек, гендер кун тартибини кўп томонлама форматда экологик хатарларни бартараф этиш мақсадида янада кенг илгари суриш, бунда халқаро молия институтлари инвестицияларини жалб қилиш таклиф қилинди.
Анжуман сессияларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Уларда “Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва табиий офатларга мослашиш шароитида гендер тенглигига эришиш” ва “БРМни амалга оширишда Марказий Осиёнинг экологик ташаббуслари” мавзулари юзасидан муҳокамалар ташкил этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА