
Жорий йил 11 сентябрда “Шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари мутахассисларини сертификатлаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан шаҳарсозлик ва коммунал хўжалиги соҳасидаги 9 та йўналишда мутахассисларни сертификатлаш тизими жорий этилди. Дастлабки босқичда, яъни жорий 1 октябрдан бошлаб буюртмачи хизматларининг лойиҳа бошқаруви ва техник назорат мутахассислари, лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назорати мутахассислари, лойиҳа бош муҳандислари ва бош архитекторлари, пудрат ташкилотларининг ички назорат мутахассисларини ўқитиш ва сертификатлаш йўлга қўйилади.
– Кейинги йилдан бошлаб, экспертиза органлари экспертлари, назорат ўлчови мутахассислари, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари раҳбарлари, вилоят ва туман (шаҳар) архитекторлари ҳамда ҳудудий назорат инспекциялари инспекторларининг малакасини ошириш ва сертификатлаш тизими жорий этилади, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов. – Шу билан бирга, шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларида мутахассисларни сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Хусусан, бунда соҳа мутахассисларига сертификат бериш, тест синови жараёнини ўтказиш, сертификат берилган мутахассислар реестрини юритиш ва сертификатнинг амал қилишини тўхтатиш тартиблари белгиланган.
Янгича тартибга кўра, соҳа мутахассисларини ўқитиш ва сертификатлаш жараёни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Компетенцияни ривожлантириш институти томонидан тегишли дастурлар асосида ташкил этилади. Сертификатлар тегишли дастурлар бўйича ўқув курсини тугатиб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларини муваффақиятли якунлаган мутахассисларга берилади. Мутахассис тест синовидан муваффақиятли ўтгандан сўнг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидан QR-код қўйилган сертификатни юклаб олади.
Бундан ташқари, 2025 йилдан бошлаб сертификатга эга бўлмаган мутахассисларга юқори тоифали қурилиш объектлари бўйича шаҳарсозлик фаолияти билан шуғулланиш, шунингдек, кўп квартирали уйларнинг бошқариш органларига раҳбарлик қилиш тақиқланди.
Яна бир маълумот. Компетенцияни ривожлантириш институти фаолиятининг асосий йўналишлари этиб шаҳарсозлик ва коммунал хўжалиги соҳаларига оид тегишли йўналишларда кадрларни мақсадли махсус тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган компетенция тасдиғини олишни хоҳловчи жисмоний шахсларнинг касбий билим, кўникма ва маҳоратини баҳолаш белгиланди.
Қолаверса, ўқитишнинг замонавий шакллари, илғор педагогик ва ахборот технологиялари асосида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган ўқув жараёнини ташкил этиш, талабалар ва тингловчиларнинг амалиётини нуфузли маҳаллий ҳамда хорижий корхона ва ташкилотларда ташкил этиш назарда тутилди.
Талабалар ва тингловчиларга соҳалардаги янгиликларни, шаҳарсозликка оид қонунчилик ҳамда техник тартибга солишга оид норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, таълим ва илмий жараёнга маҳаллий ва хорижий мутахассисларни кенг жалб этиш, илғор педагогик тажриба алмашиш борасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, ташкилот ва корхоналар буюртмалари асосида таълим хизматларини кўрсатиш ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш вазифалари берилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА