
Душанбе шаҳри мезбонлик қилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви бўйича Марказий Осиё халқаро институти етакчи мутахассиси Илҳом Абдукаримов саммитда давлатимиз раҳбари илгари сурган таклиф ва ташаббуслар истиқболини шундай шарҳлайди:
– Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви кўп томонлама давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Президентларнинг мустаҳкам сиёсий иродаси мавжудлигини тасдиқлади.
Геосиёсий нотинчликнинг кучайиши шароитида минтақада тинчлик, барқарорликни таъминлаш, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев минтақада умумий чақириқ ва таҳдидларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш бўйича жамоавий қарорлар ишлаб чиқиш учун зудлик билан махфий фикр алмашиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари шу мақсадда Фавқулодда вазиятларни башорат қилиш, уларнинг олдини олиш, эрта огоҳлантириш ва биргаликда ҳаракат қилишнинг ҳудудий тизимини шакллантириш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу тизимни жорий этиш зарурати Табиий офатлар эпидемиологияси тадқиқот маркази маълумотлари билан ҳам асосланади. Шундай қилиб, 1999-2022 йилларда Марказий Осиёда 184 та табиий офат содир бўлган, зарарнинг асосий қисми Тожикистонга тўғри келган.
Минтақавий тизимнинг яратилиши табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиради, шунингдек, фавқулодда вазиятларга, айниқса, трансчегаравий характерга эга бўлган ҳолатларга жавоб беришга тайёрликни оширади.
Ташаббус, шунингдек, маълумот алмашишни яхшилаш, хавфларни биргаликда баҳолаш, табиий офатларда зарарни камайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича дастур ҳамда лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олади.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви минтақанинг турли йўналишлар, жумладан, хавфсизлик ва хавфларни бошқариш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини намойиш этди.
Бу — Марказий Осиёнинг келгусидаги муаммоларни муваффақиятли енгиб ўтиш ва фуқаролар фаровонлигини таъминлашга ёрдам берадиган яқин ҳамкорликка интилишидан далолат.
Б.Худойбердиев, ЎзА