
Ўзбекистон спортчилари дунё спортида юқори марраларни забт этиб, ўз номини тарих зарварақларига ёздириб қўяётгани мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга қаратилаётган улкан эътибор самарасидир.
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида ёшлар спортнинг исталган тури бўйича шуғулланиш имкониятига эга. Ушбу масканларда спортга меҳр қўйиб, юқори натижалар қайд этаётган ёшлар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Ана шундай спортчиларимиздан бири Давлат Бобоновдир. У 1997 йили Навоий вилояти Нурота туманида туғилган. Ёш полвонимиз юксак марралар сари доимо олға борди. Туман, вилоят, шаҳар ва мамлакат чемпионатларида тобланиб, халқаро миқёсдаги мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қила бошлади.
Давлат Бобонов ўзининг илк халқаро медалини 14 ёшида Самарқандда ўтказилган халқаро очиқ турнирда қўлга киритади. У ўша мусобақада барча рақибларини енгиб, олтин медаль билан тақдирланди. Шунингдек, спортчимиз катталар ўртасида “Катта дубулға”, Гран-при, “Мастерс” жаҳон ва қитъа чемпионатлари ҳамда Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб, муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Катта дубулға” турнирларида 2 та олтин ва 3 тадан кумуш ҳамда бронза, Гран-при, “Мастерс” мусобақаларида 1 тадан олтин, V Ислом бирдамлик ўйинларида битта бронза медалини қўлга киритди.
2021 йилда Бишкекда (Қирғизистон) бўлиб ўтган Осиё чемпионатида, Будапештда (Венгрия) бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари олдидан жаҳон чемпионатида кумуш, Токиода (Япония) ўтган Олимпия ўйинларида бронза медалларини қўлга киритди. 2022 йил октябрь ойида Тошкент шаҳридаги “Ҳумо Aрена” спорт саройида бўлиб ўтган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасида 90 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги финал беллашувида Давлат Бобонов олтин медални қўлга киритди.
Спортда эришаётган ютуқлари ва мамлакатимиз нуфузини дунё ареналарида юксалтираётгани муносабати билан Давлат Бобонов давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” ва I даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди.
ЎзА мухбири Давлат Бобонов билан жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, спортчилик фаолияти ва олдиндаги режалар ҳақида суҳбатлашди.
– Спортчилик фаолиятингиз ва илк мураббийингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Спорт фаолиятимни 2010 йил Самарқанд олимпия захиралари коллежига ўқишга топширганимда бошлаганман. Ўшанда дзюдо спорт турига меҳр қўйиб, биринчи мураббийим Нурали Қобуловдан мазкур спорт турининг илк сир-синоатларини ўргана бошлаганман. Бироқ ҳозир ҳам улар билан шуғулланишда давом этаман. Мусобақалардаги илк медални 2011 йили қўлга киритганман.
– “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларига қандай тайёргарлик кўряпсиз ва олдинда турган режалар қандай?
– Ҳозирда мамлакатимиз спортчиларини катта синов кутмоқда ва унга тайёргарлик юқори даражада ўтмоқда. Шу қатори мен ҳам Осиё ўйинларига муносиб тайёргарлик кўряпман. Федерациямиз томонидан шуғулланиш учун барча имкониятлар яратилмоқда. Яқиндагина ўтган халқаро ўқув-йиғин машғулотида бошқа давлат спортчилари билан ўзаро тажриба алмашдик. Осиё ўйинларидан умидим катта ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасини кўзлаяпман. Келгусидаги режаларим ҳам доимгидек, нуфузли мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриб, юқори натижаларни қўлга киритиш.
– Ҳар бир инсоннинг орзуси мамлакати нуфузини дунё узра юксалтириш ва Президент эътирофига сазовор бўлишдир. Сиз бу бахтга эришган инсонлардан бирисиз. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзларидан медаль ва мукофот олганингизда нималарни ҳис қилгансиз?
– Албатта, бу орзу ушалиши учун тинимсиз меҳнат ва ўз соҳангиз бўйича доимо юқорига интилишингиз, ҳар бир эришган ютуқларингизни шу халқнинг ютуғи деб билишингиз керак. Бугунга қадар икки маротаба давлат мукофоти ва жаҳон чемпионлиги медалини Президентимиз Шавкат Мирзиеёв қўлларидан олганман ва бу билан фахрланаман. Ушбу мукофотларни олганимда қалбимда фахр-ифтихор ва халқимиз ишончини ҳис қиламан ҳамда қувонч ёшлари қалқийди. Бу шундай ҳиссиётки, сўз билан таърифлаш мушкул, аммо шу ҳиссиётни яна ҳис қилиш учун ҳар қандай машаққатларга кўз юмасиз. Умид қиламанки, бу туйғуларни ҳар бир ўзбек спортчиси ҳис қилади.
– Айтингчи, спортчилик фаолиятидан сўнг мураббий сифатида сизни кўрамизми?
– Бугунга қадар бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман. Ҳозирда бор эътиборим ва мақсадим имкон қадар яхши натижа қайд этиб, ўзбек дзюдочилари ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлашдир. Олдимда ҳали улкан марралар турибди, агарда уларнинг барчасини забт этсам, бу ҳақда ўйлаб кўрарман.
ЎзА мухбири
Жавоҳир Тошхўжаев
суҳбатлашди.