
Бугун қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, ердан сифатли ҳосил олиш учун олимларимиз тинмай изланиш олиб боряпти. Афсуски, кўп ҳолларда уларнинг тадқиқотлари амалиётга жорий этилмасдан, лаборатория хонасида қолиб кетяпти. Натижада фермерлар юртимиздаги тайёр ўғитлар туриб, хориждан қиммат нархга препаратлар сотиб олишмоқда.
Хўш, соҳани ривожлантиришда олимлар ҳамда фермерларнинг ҳамкорлиги нечоғли зарур? Фермер ва олимларнинг бир-бирига ишончини ошириш учун нималарга эътибор бериш керак?

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий вилояти бўлими раиси, геология-минералогия фанлари доктори, профессор Абдураззоқ Мирзаев билан соҳадаги янгиликлар ва мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари хусусида суҳбатлашдик.
— Навоийлик олимлар қандай изланишлар устида иш олиб боряпти?
— Фанлар академияси Навоий вилояти бўлимида 5 та таркибий бўлинма бўлиб, биз фаннинг 17 хил йўналиши бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борамиз. Шулардан бири қишлоқ хўжалигида экинлар ҳосилдорлигини ошириш, сув тежамкор технологияга йўналтирилган тадқиқотлардир.
Энг самарали тадқиқотларимиздан бири бентонит гилларидан фойдаланган ҳолда экинлар ҳосилдорлигини оширишга йўналтирилган тадқиқот.
— Бентонит гиллари таркибида ўсимлик учун керак бўладиган қандай моддалар бор?
— Бентонит гиллари таркибида ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўладиган кремний, кальций, магний, калий каби 20 хилдан ортиқ микро ва макроэлементлар мавжуд. Улар орасида ўсимликка энг фойдалиси кремний. Тупроқ таркибида ҳам кремний мавжуд, лекин уни ўсимлик ўзлаштира олмайди. Бентонит гиллари таркибидагиси эса ўсимликлар томонидан осон ўзлаштириладиган ҳолатда бўлади.
Бентонит гили ҳаводаги сувни сўриб олиб, ўзида ушлаб туриш хусусияти борлиги учун қишлоқ хўжалигида тупроқ структурасини яхшилашда фойдаланилиб келинмоқда. Бентонит гиллари 200 дан ортиқ соҳаларда ишлатилади, шу жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам кенг қўлланилади. Биз бентонит гиллари билан пахта чигитини, буғдой ва бошқа экинлар уруғларини қобиқлаб экиш технологиясини яратдик.

— Қобиқлаш жараёни қандай кечиши хусусида тушунча бериб ўтсангиз.
— Қобиқлаш жараёни турли экин уруғларида ўзига хос усулда олиб борилади. Масалан, тукли чигитни қобиқлашда бентонит гиллари кукуни чигит ивитиладиган сув таркибига аралаштирилиб қобиқланса, туксиз чигитни қобиқлашда эса аввал чигит юзаси сув билан намланиб, чигитнинг нам юзасига бентонит гиллари кукуни сепилади ва аралаштирилади. Натижада нам юзада бентонит гиллари кукуни қобиқ ҳосил қилади. Буғдой дони ҳам худди туксиз чигит каби қобиқланади. Бунда бентонит гиллари кукуни сарфи пахта чигитида чигит вазнига нисбатан 8-10 фоизни, ғалла экинлари уруғи вазнига нисбатан эса 4-5 фоизни ташкил этади.
Қишлоқ хўжалик экинлари уруғи бентонит гиллари кукуни билан қобиқлаб экилганда бентонит гиллари тупроқдаги сувни сўриб олиши, яъни, сорбентлик хусусияти туфайли уруғнинг униб чиқиши учун зарур бўлган намликка бўлган эҳтиёж тўлиқ таъминланиб, “стресс”сиз униб чиқиш имкониятини беради. Чигит юзидаги юпқа бентонитли қобиқ шўрланган ерларда намликни сўриб олиши жараёнида тупроқдаги мавжуд тузларнинг маълум қисмини ўзида ушлаб қолиши ҳам тадқиқотларимиз давомида ўз исботини топган.
Қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда бентонит гиллари кукунидан фойдаланиш бўйича тажрибаларимизни Сурхондарё, Наманган, Тошкент, Навоий вилоятларининг пахта далаларида ўтказдик. Натижада бентонит билан қобиқланган чигитлар одатдаги 7-8 кунда эмас, балки 5-6 кун ичида униб чиқиш имкониятига эга бўлди. Бентонит ёрдамида чигитнинг униб чиқиши тезлашиши ҳосилдорликни ошишига жуда катта имкон беради. Ушбу технологияни республикамизнинг 43 та фермер хўжалиги пахта далаларида синаб кўрдик, уларнинг ҳар бирида ҳосилдорлик 5-6 центнерга ошгани аниқланган.
— Ҳосилдорликни ошириш учун яна қандай тадқиқотлар амалиётга жорий қилинди?
— Иккинчи тадқиқотимиз бентонит гиллари билан ўсимликлар, буғдой, пахта баргини суспензия орқали озиқлантириш тажрибаси.
Бентонит гиллари кукуни ҳамда ўғитлардан тайёрланган суспензия билан баргидан озиқлантириш натижасида ўсимлик барги устида юпқа плёнка қобиқ ҳосил қилади. Ушбу қобиқ баргдан намликнинг буғланишини камайтириб, кечки ва кундузги ҳароратнинг тафовути 10-15 градусга фарқ қилиши ҳисобига кундузи ҳавода буғ ҳолидаги сув заррачаларининг кечаси конденсацияланиши натижасида ҳосил бўлган шудринг кўринишидаги сув томчиларини ўсимлик барги устидаги юпқа бентонит қобиқ ўзига шимиб олади. Ўсимликни баргидан сувга бўлган эҳтиёжини қондириб туриш билан бирга сепилган минерал ўғитларнинг ҳам тез буғланишининг олдини олиб, максимал ўсимлик баргидаги микропоралар орқали ўзлаштирилишига ёрдам беради.
Қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда бентонит гиллари кукунидан фойдаланиш орқали экиш олди суғориш сувлари ҳамда ўсимликларни вегетация даври давомида 700-800 м3 меъёридаги бир марталик суғориш сувларини тежаб қолиш мумкин бўлади.
— Тадқиқотлар амалиётда синаб кўрилдими? Натижалар қандай?
— Тадқиқотларимизни 2018 йилда Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги “Пўлат бобо” фермер хўжалигида синаб кўрдик. Шу йили юртимизда сув жуда ҳам танқис бўлди. Фермер ҳеч иккиланмасдан далага чигитни бентонит билан қобиқлаб экди. 1 августгача фермер даласига сув бормади. Натижада 7-8 маротаба бентонит таркибли суспензияни сепиб, пахтани сақлаб қолган. Октябрь ойида туман ҳокими менга қўнғироқ қилиб, “Пўлат бобо” фермер хўжалиги пахтасига сув жуда кеч борганлиги сабабли пахтадан умиди қолмаганини, далага бориб, пахта жуда яхши сақланганини, фермер бу борада олимлар билан ишлаганини миннатдорчилик билан билдирди. Шундан сўнг тадқиқотимиз ОАВ орқали ёритила бошланди ва бу анчагина оммалашди.
— Бу тажриба бошқа ўсимликларда ҳам синаб кўрилдими?
— Албатта. Бедада синаб кўргандик, 70 центнер қўшимча ҳосил олинди. Сабзида ҳам синов ўтказдик. Битта сабзининг катталиги 1 килограммгача етди, мазаси ҳам ширин. Буғдойда ўтказган тажрибамиз натижасида ҳосилдорлик 31 фоизга кўтарилди. Кейинроқ лалми, яъни суғорилмайдиган ерларда ҳам синаб кўрдик. Ўтган йили Нурота туманидаги 10 гектар жойда тажриба ўтказган эдик, буғдойдан 16 центнер ҳосил олдик.
2018 йилдан буён ушбу янги сувтежамкор технологияларни қўллаш бўйича тажриба-синов ишлари республикамиз фермер хўжаликларининг қарийб 2000 гектардан ортиқ ерларида олиб борилди. Натижада бу ерларда пахта ҳосили 12-15 фоизга, сувли ерлардаги кузги ғалла ҳосили 20-25 фоиз, лалми буғдой ҳосили эса 50-60 фоизгача ошишига эришилди.

— Президентимиз 2022 йил 7 июль куни “Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор билан Президент ҳузурида Пахтачилик кенгаши ташкил этилди. Ушбу кенгаш фаолияти қандай?
— Пахтачилик кенгаши ташаббуси билан ҳар бир вилоятнинг биттадан туманида тажриба майдони сифатида олимларнинг тадқиқотлари синаб кўриляпти. Навбаҳор туманида олиб борган тадқиқотларимиз яхши натижа берди. Тадқиқотларимиз орқали ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжи 40 фоизгача қоплашини исботлай олдик. Бу йил ҳосилдорлик 15-20 фоизга ошган. Пахтанинг бўйида 15-20 сантиметргача ўсиш бор, чаноғиям 5-6 тагача кўпайган. Бу тажриба янада оммалашса, келгусида иқтисодий самара беради. Чунки бентонит гиллари инсон саломатлигига зарар етказмайди, табиий маҳсулот, микроэлементларга жуда ҳам бой.
— Қишлоқ хўжалигидаги энг оғриқли муаммо нимада?
— Юртимизда олимлар томонидан қишлоқ хўжалиги учун зўр препаратлар яратилган. Аммо уларнинг аксарияти лабораторияда қолиб кетган. 2018 йилда Навоий вилоятининг 3 та туманида Фанлар академиясининг 20 дан ортиқ институтлари олимларини фермерлар билан учраштирдим. Яратган янги препаратларни фермерларга кўрсатганимизда, шунча препарат бор экан, биз бу ҳақда билмаймиз, чет элдан қанақадир препаратларни олиб келиб сотишади, унинг натижасидан дарак йўқ, дея кўпчилиги биз билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Таклифим, олимларнинг препаратларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак. Аввал фермерлар препаратдан фойдалансин, агар натижасини кўрмаса, жавобини биз олимлар берамиз.
Олимлар билан фермерларнинг фаол ҳамкорлигини йўлга қўйсак, улар бир-бирларига ишонсагина қишлоқ хўжалигида яхши натижаларни қўлга киритишимиз мумкин.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди.