-
Ўзбекистон халқ шоири
Абдулла Шер 80 ёшда
Шеъриятнинг қудрати ва жозибасини ҳайрат билан ҳис қилмаган қалб бўлмаса керак, бир сатр ишқида туну кун бедор бўлган кўнгилларга ҳавас боғламасликнинг иложи йўқ.
Китобхоннинг юрагини завққа тўлдирган мисралар бир замонлар шоир руҳига қанча "оғриқ" бергани ёлғиз ўзигагина аён. Нозик ифода, фалсафий қарашларга тўла шоир, салмоқдор мутаржим Ўзбекистон халқ шоири Aбдулла Шер ана шундай илҳом билан 80 йилдан буён бирга яшаб келмоқда. Дарҳақиқат, шоир янги туйғуларни куйлаб, кашф қилмоқда. Бу ҳаёт шиддати мутолаага кам ўрин қолдираётган бир пайтда шеър ёзишга уни нима ундаб туришини билиш учун ижодкорга юзландик.
– Яқинда Президентимиз томонидан юксак эътироф — “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини олдингиз. Шахсан давлат раҳбарининг қўлидан мукофотни олар экансиз, қалбингизда нималар кечди?
— Бу мен учун тарихий кун бўлди. Мукофотни топшириш жараёнида Президентимиз шундай самимий тилаклар билдирдики, эшитиб бошим кўкка етди. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчиман: инсон қадри тобора улуғланаётган Янги Ўзбекистонимизда адолат тамойили давом этиб келяпти. Мана, масалан, Миразиз Aъзам ва Йўлдош Эшбек каби зиёлилар ўзбек адабиёти учун қанча хизмат қилди ва албатта қилган меҳнатлари зое кетмади, яқинда муносиб баҳоланди. Демоқчиманки, адабиёт соҳасида ҳам адолат принципи давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг маънавиятимиз ҳақида ҳамиша қайғураётганликлари, ижодкорларга алоҳида эътибор бераётганлиги унинг қалбидаги бағрикенгликнинг далил-исботидир. Биз – ижод аҳлининг кўнглида миннатдорлик туйғуси жўш уриб турибди. Ушбу эътибор ва ғамхўрлик замирида қалам аҳлига юксак ишонч ва катта умид бор.
Азал-азалдан қалам соҳиблари ҳар бир замонда даврнинг энг олдинги марраларида бўлишган. Керак бўлса, халқ саодати, Ватан озодлиги учун жонларини фидо қилишган. Буни тарихдан яхши биламиз. Бугунги кунда мамлакатимиз мустақил, халқимиз буюк бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқда. Биз ижодкорлар мана шу манзаранинг шоҳиди бўлиб турибмиз.
– Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Ҳамид Олимжонлардан давом этиб келаётган шеърий анъаналарни, услубларни, айниқса, бармоқ вазнининг ўйноқи шаклини топиб ёзаётган ижодкорсиз. Бу айниқса сизнинг “Ёнаётган йўл”, “Севги олмоши”, “Гул йиллар, булбул йиллар” номли шеърий тўпламларингизда яққол акс этади. Бугунги глобаллашув замонида ҳаёт шиддати мутолаага кам ўрин қолдираётган бир пайтда шеър ёзишга сизни нима ундайди?
– Адабиёт — инсон кўнглининг тадқиқотчиси. Агар у мана шу вазифасидан бир лаҳза чекинса ҳам, ўз қийматини йўқотади. Илдизи йўқ туйғулар, мағзи пуч даъволар билан одамларни алдашга шоирнинг ҳақи йўқ. Аксинча, қурби етса, миллатнинг дилидагини баён этсин, оҳангга солсин ва минглаб-миллионлаб қалбларни бир сатр билан ларзага келтирсин. Мен ҳам эл ичида юриб, унинг кўксига қулоқ босиб, ижод қилишга уринаман. Ҳар бир шоирнинг кўзига сингган, ҳидига ўрганган, бармоғига санчилиб қолган ранглари, товушлари ва лаҳзалари бўлади. У ана шуларга мудом қайтади, ўзини ларзага солган ҳодисаларни такрор, аммо янги ташбеҳ, янги оҳанг билан айтгиси келади. Буни уддалай олган шоирларда эса шахсий рамзлар, тимсоллар яралади.
Менда шеър дастлаб фикр тарзида, баъзан мажоз тарзида намоён бўлади. Кейин у шеър бўлиб шаклланади. Аввало меҳнатда завқ бўлиши керак. Илоҳий завқ. Зеро, қаттиқ меҳнатни юк ташувчи жонивор ҳам қилади. Аммо илоҳий завқ сизга уйқу бермайди.
— Ижтимоий тармоқларда, дейлик, “Tiktok”, “Instagram”, YouTube”да пул топиш учун бугун асосан ёшлар ўзларини не кўйга солмаяпти. Шов-шув кўтараман деб, интернетда обуначи йиғаман деб маза-матраси йўқ контентлар яратиш билан овора. Бугунги ахлоқий маданият хусусида фикрингиз?
– Тўғри, сўнгги икки юз йиллик цивилизация қалб мувозанатини бузишга уриниб кўрди. Завод-фабрикалар, телефон, самолёт ва поездларнинг кашф этилиши ҳаёт маромини бир озгина тезлаштирди. Аммо қалбга, руҳиятга мурожаат қилувчи воситалар – адабиёт, мусиқа, расм ўз ўрнини бошқасига бўшатиб бермади. Айниқса, мутолаа руҳ тарбиясининг асосий воситалигича қолди, яъни ҳаётий ва ҳиссий маълумотлар шу дарвозадан кириб келарди.
Глобаллашув аталмиш бу шиддатнинг иқтисодий-маданий алоқаларга хизмат қилишдек афзаллиги бўлиши билан бирга, инсоннинг нафақат ички оламини, балки мақсадларини, ҳатто жамиятни ўзгартириб юборишга эга қудратини ҳис қилиб турибмиз. Шунинг учун ҳам кино, мода, кўнгилочар шоулар, компьютер ўйинлари либосига ўралган “оммавий маданият” “жонбозлиги”дан ташқари, мобил телефон билан “нафас олиш” ва интернет “ичида яшаш” тарзининг оммалашиб бораётганига бутун дунё “даво” топиш билан машғул.
ХХ аср охирига келиб, фантастик асарлардаги хаёлларни ҳам ортда қолдириб кетадиган шундай техник ихтиролар қилиндики, улар инсониятнинг ўз-ўзи билан ва дунё билан мулоқотидаги маромни, мувозанатни бузиб юборди. Аввал спутник телевидениеси, сўнгра интернет, мобил алоқа воситаларининг имкониятлари ва улардаги маълумотлар тезлиги қалб тарбияси борасидаги устозликни мутолаадан тортиб олди ва инсоннинг тин олишига, тафаккур қилишига, ўз қалбида кечаётган ҳиссиётларни мушоҳада қилишига ўрин ҳам, фурсат ҳам қолдирмайдиган шиддатли ҳаёт маромини яратди.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/iDt7gDRM-RA" title="Адабиётга хизмат — миллатга хизмат" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Ўткир АЛИМОВ суҳбатлашди, ЎзА