Шу йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Зафар Худойбердиев билан суҳбатлашдик.
— Аввало, ҳар иккала ҳужжатнинг аҳамияти, моҳияти нимадан иборат эканлигига тўхталиб ўтсангиз.
— Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Янги Ўзбекистон шароитида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришларни изчил давом эттириш, соҳа ва йўналишларни янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу маънода мазкур ҳужжатлар юртдошларимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Айниқса, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва улкан ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш долзарб аҳамият касб этади. Шундай экан, юқоридаги ҳужжатлар доирасидаги қатор мақсад-вазифалар келгуси 7 йил давомидаги тараққиётимизга замин, ҳуқуқий дастуриламал бўлади.
— “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қандай вазифалар кўзда тутилган?
— Дарҳақиқат, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармон билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди. Унда бешта устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсад ўз аксини топган.
Хусусан, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш Стратегиянинг асосий ғояларидир.
Мазкур йўналишлар доирасида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар ошириш, камбағалликни икки баробарга камайтириш, мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, сувни ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш каби қатор вазифалар белгиланган.
— Сув танқислиги йилдан-йилга авж олаётган айни бир даврда Стратегияда бу борада қандай чора-тадбирлар ўз ифодасини топган?
— Ҳақиқатан сув танқислиги ортиб бораётган бир пайтда бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологияларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Стратегияда аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ва суғориладиган майдоннинг ҳар бир гектарига бериладиган сув ҳажмини 20 фоизга камайтириш орқали сувнинг маҳсулдорлиги оширилади. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш орқали 1 метр куб ҳажмдаги сув билан суғорилган ер майдонидан 3,7 доллар миқдорида даромад олишга эришилади.
Сувдан самарали фойдаланишда замонавий бошқарув тизимининг ҳам ўрни беқиёс. Шу боис 2030 йилгача камида 100 та йирик сув хўжалиги объектида автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий қилиш, ирригация соҳасига хусусий секторни жалб этиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий қилиш ҳисобига хусусий инвестициялар оқимини кўпайтириш мақсад қилинган.
Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида барча йўналишларда кўзда тутилган мақсад-вазифалар келгусидаги тараққиётимизга, мамлакатимиз ривожи ва халқ фаровонлигига хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова
суҳбатлашди.