Бугунги кунда рақамли технологиялар ривожлангани, ахборот олами тараққий этгани сари ушбу йўналиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Мисол учун, кибержиноятчилар, фирибгарлар фуқароларнинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий аккаунтларидан фойдаланиб, улардан пул талаб қилиш ҳолатлари учрамоқда.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида масъул қўмитаси томонидан маромига етказилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ушбу “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси юзасидан семинар ташкил қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси рақамли технологиялар ҳамда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.
— Бугунги кунда Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда шахсларнинг мобиль қурилмаларини ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ва каналларини зарарли дастур юбориш орқали блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб, пул талаб қилиш ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари юзага келмоқда, — дейди депутат Гулбаҳор Саидғаниева. — Шунингдек, криптовалюталар соҳасида ноқонуний майнинг билан шуғулланиш, аноним крипто-активлар майнингини амалга ошириш ҳамда мобиль қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини қонуний ишлаб чиқарувчисининг рухсатисиз ўзгартириш каби ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўпайиб боряпти. Мазкур қонун лойиҳаси билан интернетда товламачилик, ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлик учун жиноий жавобгарлик ҳамда мобиль қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини қонуний ишлаб чиқарувчисининг рухсатисиз ўзгартириш, шунингдек, ушбу мақсадда махсус дастурлар ишлаб чиқиш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлар, агар уларни тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган бўлса, жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
Депутатлар ва соҳа мутахассислари қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф-мулоҳазалар билдирди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА