Адлия вазирлигида “Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари шахсий таркибининг энг кўп сонини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом” давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ушбу низомда идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари шахсий таркибининг энг кўп сонига бўлган талаблар белгиланди.
(Бундан ўта муҳим ва тоифаланган объектларни, шунингдек махсус юкларни қўриқлашда хизмат ўтайдиган идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари мустасно).
Хусусан, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари шахсий таркибининг энг кўп сони объектда ташкил этиладиган постлар ва унга ажратиладиган штат бирлиги сонидан келиб чиқади.
Постлар объектнинг фуқаролар (транспортлар) учун мўлжалланган назорат-ўтказиш жойларида, объект ҳудудининг чегараси (периметри) бўйлаб унинг ички ёки ташқи қисмларида ёхуд унга яқин ҳудудларда, объектнинг алоҳида аҳамиятга эга бўлган муайян қисмида ташкил этилади.
Назорат-ўтказиш жойларида битта пост ўртача арифметик ҳисоб бўйича бир соатда объектнинг 400 тагача ходими назорат-ўтказиш жойидан кириб-чиққан тақдирда, ўртача арифметик ҳисоб бўйича бир соатда 20 тагача транспорт воситаси назорат-ўтказиш жойидан кириб-чиққан тақдирда ташкил этилади.
Объект ҳудудининг чегараси (периметри) бўйлаб унинг ички ёки ташқи қисмларида ёхуд унга яқин ҳудудларда ҳар 500 метргача бўлган масофада битта пост ташкил этилади.
Объектнинг алоҳида аҳамиятга эга бўлган муайян қисмида, шунингдек, объектнинг кўриниши чекланган ҳудудларида (бурилиш ва нотекисликлар) 500 метр масофа инобатга олинмаган ҳолда битта пост ёки битта патруллик йўналиши белгиланади.
Объектни қўриқлашда битта 24 соатлик пост учун 9 штат бирлик ажратилади.
ЎзА