Қирғиз Республикасининг пойтахти Бишкек шаҳрида МДҲ Ижодий ва илмий зиёлилари форумига старт берилди.
Форум доирасида Ҳамдўстлик мамлакатлари давлат оммавий ахборот воситалари раҳбарларидан иборат МДҲ Ахборот кенгашининг XXIX йиғилиши бўлиб ўтди.
Бишкек шаҳридаги «Ала-Арча» давлат қароргоҳида ўтган йиғилишни Қирғиз Республикаси Президентининг матбуот котиби Эрбол Султонбоев очиб берди ва ушбу мамлакат Президенти Садир Жапаров номидан иштирокчиларни қутлади.
“Садир Нургожоевич МДҲ Ахборот кенгашининг мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди”, - деди Эрбол Султонбоев.
МДҲ Ахборот кенгаши йиғилиши кун тартибидан медиа маконда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, фаолиятнинг оралиқ якунларини сарҳисоб қилиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва Кенгаш раисини сайлаш масалалари ўрин олди. Ахборот маконининг холислигини таъминлаш, фейк ахборотларга қарши курашиш мавзуси алоҳида муҳокама қилинди.
Йиғилишда ТАСС бош директори Андрей Кондрашов МДҲ Ахборот кенгашининг янги раиси сифатида сайланди. У ўз ҳамкасбларига билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдирди.
Мазкур йиғилишда МДҲ Ахборот кенгаши кузатувчиси бўлган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги номидан Бош директорнинг биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев иштирок этди.
ЎзА