Мамлакатимизда хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, аёллар малакасини ошириш мақсадида олима хотин-қизлар иштирокида “PhD сари қадам” мавзусида ўқув курси ташкил этилди. “Келажак: илмли қизлар ҳамжамияти” таълим-алмашинув дастури йўлга қўйилди.
Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалалари бўйича раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакавий салоҳиятини кучайтириш бўйича ўқув курслари жорий қилинди.
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари томонидан меҳнат жамоаларида зўравонлик турлари ва уларнинг олдини олиш бўйича қисқа муддатли семинар-тренинг ташкил этилиб, унда икки мингдан зиёд иштирокчи қамраб олинди.
Олий Мажлис Сенати кенгашининг навбатдаги мажлисида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси муҳокамаси жараёнида юқоридаги маълумотлар келтириб ўтилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мазкур дастур ижроси бўйича тегишли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Сенаторлар Гендер тенгликка эришиш стратегияси доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашдаги айрим камчиликларни танқидий муҳокама қилди.
Хусусан, зўравонлик содир этган шахсларнинг хулқ-атворини ўзгартириш бўйича реабилитация тадбирларини ўз ичига олган махсус дастур ишлаб чиқиш вазифаси ўз якунига етказилмагани айтилди.
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашига номзодлар юзасидан эълон қилинган танловларга Миллий кадрлар захирасидаги хотин-қизларнинг номзодларини жалб қилишга етарлича эътибор қаратилмагани танқид қилинди.
Давлат органлари ва ташкилотларида, ҳудудлардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича маслаҳат кенгаши органлари фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Кенгаш мутасадди идора ва ташкилотларни 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури доирасидаги вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилиши масалаларига масъулият билан ёндашишга чақирди.
Н.Абдураимова, ЎзА