Президент топшириғи ижрода ва назоратда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 8 сентябрь куни тармоқ ва ҳудудларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда йил якунигача 232 маҳаллий саноат корхонасида маҳсулот ҳажмини ошириш, 210 йирик саноат лойиҳасини тўлиқ ишга тушириш зарурлиги қайд этилди. Саноат жамғармасидан самарали фойдаланиш, зарар кўриб ишлаётган саноат корхоналарини соғломлаштириш, экспортчиларга транспорт жиҳатидан кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда тармоқ раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари йил якунигача мўлжалланган ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари, саноат корхоналарини куз-қиш мавсумида энергия ресурслари билан таъминлаш чоралари бўйича ахборот берди. Бу соҳада йил якунига қадар Бухоро вилоятида қандай ишлар амалга оширилади. Йил якуни билан вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қанча сўмга етказилади?
Вилоятда бугунги кунда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари сони 4131 тани ташкил этади. Жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида 517 тадан ортиқ янги саноат корхоналари ташкил этилди. Бугунги кунда саноат корхоналарида жами 42 мингдан ортиқ фуқаро доимий иш билан банд. Мазкур саноат корхоналари томонидан 2023 йил январь-июль ойлари якуни билан 17,3 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 105,6 фоизни (шундан, ҳудудий саноат 129,4 фоиз) ташкил қилди. Саноатнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2022 йил якунидаги 17,8 фоиздан 2023 йил биринчи ярми якуни билан 19,9 фоизга етди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GCuP2U-m49Q" title="Ботир Зарипов: Бухорода саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 36 триллион сўмга етказилади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шунингдек, кичик бизнеснинг саноатдаги улуши 34,4 фоизни ташкил этди. Саноат ишлаб чиқаришининг 59,3 фоизи тармоқ ва 40,7 фоизи ҳудудий даражадаги корхоналарга тўғри келади. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичи 8,6 миллион сўмни ташкил этди.
–Жорий йилнинг ўтган 7 ойида вилоятимиз бўйича 17 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, – дейди вилоят ҳокими Ботир Зарипов. –Ўсиш суратлари 105 фоиздан ортди. Албатта, саноатимизни драйвер соҳалари яъни етакчи соҳалари сифатида нефть-кимё соҳаси, озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳалари етакчилик қиляпти. 2023 йилнинг ўтган даврида озиқ-овқат йўналиши бўйича Пешку туманида “Пешку агрокластер ёғ-мой” масъулияти чекланган жамияти томонидан 56 миллиард сўмлик йилига 50 минг тонна чигитни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилиб, 130 нафар иш ўрни яратилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Саудия Арабистони Қироллигининг “ACWA POWER” хорижий корхонаси томонидан қиймати 1 миллиард 300 миллион АҚШ долларига тенг Пешку ва Ғиждувон туманларида қуввати минг мегаватт бўлган шамол электростанцияси қуриш лойиҳаси бугунги кунда бошланган ва шу йилнинг ўзида 200 миллион долларлик лойиҳа маблағлари ўзлаштирилади. Худди шунингдек, умумий қуввати 750 мегаваттга тенг иккита фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича тегишли ишлар бошланган. Яқин келажакда ҳам йирик лойиҳаларни вилоятимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича амалга оширишни мўлжаллаганмиз.
Бугунги йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил якунигача белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Бухоро вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йил якуни билан 36 триллион сўмга етказилади. Бухоро вилоятида давлатимиз раҳбари томонидан берилган барча топшириқларнинг ижроси таъминланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбир