Маълумки, жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Хитойда “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинлари бўлиб ўтади.
Бошланишига 11 кун қолган қитъа ўйинларида мамлакатимиз спортчилари нечта спорт турида қанча спортчи билан иштирок этади? Қайси спорт йўналишларида ҳамюртларимиз “Ханчжоу-2022”нинг совринли ўринларига даъвогарлик қилади? Осиё ўйинларининг очилиш маросимида Ўзбекистон делегацияси байроқдорлиги қайси спортчиларга ишониб топширилади?
Бу каби қатор саволлар кўпчиликни қизиқтираётгани бор гап.
Бугун, 12 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, шунингдек бир қатор спорт федерацияларнинг масъуллари иштирок этган матбуот анжуманида юқоридаги саволларга атрофлича жавоб берилди.
Айтиш лозим, давлатимиз раҳбарининг 2022 йилнинг 5 майдаги “2023 йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX Осиё ўйинлари ва IV Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига асосан терма жамоалар, алоҳида спортчилар учун қитъа ўйинларида муносиб натижаларга эришиш учун барча шарт-шароитлар тўла-тўкис яратиб берилди.
Ички ва халқаро ўқув-машғулот йиғинлари, зарур маблағ, тиббий кўмак, ижтимоий ва иқтисодий қўллов ҳамма даврлардагидан-да юқори бўлди. Яратилган имкониятга муносиб бўлиш спортчиларимизнинг салоҳиятига, мураббий-мутахассисларнинг техник-тактик ҳаракатига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
[gallery-13548]
Ханчжоу шаҳрида (Хитой) ўтадиган XIХ ёзги Осиё ўйинларида 59 та спорт тури бўйича бўлиб ўтадиган мусобақаларда 46 та давлатнинг 11 минг нафардан зиёд спортчилари 479 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.
Анжуманда таъкидланганидек, ўйинларда Ўзбекистон делегацияси 38 та спорт туридан 370 нафардан зиёд спортчи билан иштирок этиши режалаштирилмоқда. Ҳамюртларимиз 32 та олимпия, 6 та ноолимпия спорт турларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
“Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларининг Ўзбекистон учун яна бир ўзига хос жиҳати, миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми бўлган кураш мусобақалари ўтказилишидир. Зотан, қитъа мусобақаларидаги кураш баҳсларида Осиё мамлакатларининг спортчилари байроғимиздан жило олган кураш либосларида, ўзбекона спорт иборалари бошқарувида беллашади.
Матбуот анжумани жараёнида яна икки йилдан кейин мамлакатимизда ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган “Тошкент-2025” Осиё ўйинларига тайёргарликнинг бориши хусусида сўз юритилди.
Бундан ташқари, журналистларнинг Осиё ўйинларида шахмат, киберспорт, стол тенниси, бадминтон, футбол, дзюдо, от спорт турлари бўйича вакилларимизнинг иштироки, тайёргарлиги каби масалалар борасидаги саволлари ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Савол-жавобларга бой бўлган анжуман якунида Ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Икромов Осиё ўйинларининг мамлакатимиз спорт ҳаётидаги аҳамияти нечоғли юқори эканлигини таъкидлаб, “Ханчжоу-2022” ўйинларида спортчиларимизнинг иштироки ҳақидаги хабар ва лавҳаларни халқимизга тўлақонли етказишда оммавий ахборот воситаларининг муносиб ўрни борлигини билдириб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йили Индонезиянинг Жакарта-Паленбанг шаҳарларида ўтган XVIII Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза медалига эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллаган эди.
Т.Рўзиев, ЎзА