Жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Жамшид Абруев бошчилигидаги делегация Озарбайжон Республикасида бўлди.
Агентлик ахборот хизматига кўра, мазкур ташриф 2023 йил июнь ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбариятининг ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Озарбайжон Республикасига қилган ташрифида эришилган келишувларнинг мантиқий давомидир.
Дастлаб делегация “DOST 2023: мослашувчан, инновацион ва барқарор хизматларни тақдим этиш учун ягона платформа” мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этди.
Сўнгра делегация Озарбайжон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида бўлиб, мезбон томони билан ногиронлиги бўлган ҳамда оғир турмуш шароитига тушиб қолган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятга ижтимоийлашишига кўмаклашиш, ижтимоий суғурта тизимини ташкил этиш, ижтимоий тўловларни амалга ошириш, соҳада рақамлаштириш орқали қамровни ва манзиллиликни ошириш мавзуларида фикр алмашди.
Учрашув чоғида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Саҳил Бабаев Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги тарихий дўстлик ва биродарлик алоқаларини, икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан бу муносабатлар стратегик даражага кўтарилганини таъкидлаб ўтди. У шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Физули шаҳрида Ўзбекистон томонидан бунёд этилган Мирзо Улуғбек номидаги 1-ўрта мактаб ушбу ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётида катта аҳамият касб этганини алоҳида эътироф этди.
Ўзбекистон делегацияси Озарбайжонга ташрифи доирасида DOST рақамли инновациялар марказига ташриф буюриб, мазкур марказнинг самарали фаолияти ва жамоатчиликка мослашувчан ва инновацион хизматларни тақдим этиш дастурлари билан яқиндан танишди.
–Биз ҳар доим ижтимоий соҳада инновацион ечимларни жорий этиш бўйича мамлакатимиз тажрибасини ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш юзасидан Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, – дея таъкидлади DOST рақамли инновациялар маркази раҳбари Кянан Акперов.
Ўз навбатида, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Жамшид Абруев икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни доимий равишда кенгайтириш, ижтимоий ислоҳотлар жараёнида изчил тажриба алмашиш муҳимлигини билдирди. Учрашув сўнгида томонлар келгусида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларини белгилаб олди.
Шунингдек, делегация Озарбайжон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасида бўлди. Мазкур жамғарманинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Томонлар ижтимоий ҳимоя соҳасига инновацион ечимлар, электрон технологияларни жорий этиш масалаларини ҳам муҳокама қилиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА