Президентимиз 2 август куни Тошкент вилоятига ташрифи чоғида “Ангрен” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишиб янги лойиҳаларни шакллантириш, аҳоли бандлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
2012 йилда ташкил этилган мазкур иқтисодий зонада ҳозир 76 корхона бўлиб, уларда 11 мингдан зиёд аҳоли ишламоқда. Берилган вазифалар ижроси доирасида яна бир корхона фойдаланишга топширилди. Лойиҳа бўйича "Eden-pupe produktion group" МЧЖ асосан ичимлик суви ҳамда оқова тармоқларида кенг фойдаланиладиган қувурлар тайёрлашга ихтисослашган. Хусусан, ойига қиймати 7 миллиард сўм миқдорида жами 72 минг метр полиэтилен, полипропилен қувурлар ишлаб чиқарилади. Натижада жами 50 та янги иш ўрни яратилди. Бунда Ангрен шаҳри ва Оҳангарон туманидан "Ёшлар дафтари" га киритилганларнинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, мазкур саноат зонасида яна 42 та лойиҳа бўйича ишлар бошланган. Уларда 5 мингдан зиёд иш ўрни очилади. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санаси муносабати билан бу каби ташаббуслар ҳудуд аҳолисига катта совға бўлмоқда.
А. Мусаев, ЎзА