Жиззахликлар ҳам мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги байрами олдидан ўтказилаётган ободонлаштириш ойлиги доирасида кенг кўламда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Вилоятнинг тоғли Зомин туманида барча маҳаллалар, кўчалар, йўл ёқалари, қабристонлар, мактаб ва боғчалар атрофи ободонлаштирилмоқда.
Бугунги шанбанинг эрта тонгидан Зомин тумани ҳокимлиги, экология инспекцияси, ободонлаштириш бошқармаси, “Эко-сфера” МЧЖ ва “Автойўл” корхоналари томонидан кенг қамровли тозалик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Жумладан, тумандаги “Мустақиллик” МФЙ ҳудудида ўтказилган ободонлаштириш ишларида маҳалладаги йўл четлари, қаровсиз қолган ҳудудлар тозаланиб, боғдаги дов-дарахтлар парвариш қилинди, тўпланган чиқиндилар олиб чиқиб кетилди. Ўндан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини, элликка яқин таълим муассасалари бинолари таъмирланиб, тартибга келтирилди.
Айни кунда тумандаги 51-умумтаълим мактабида тозалаш ва ободонлаштириш ишлари якунига етказилиб, муассаса янги ўқув йилига шай ҳолатга келтирилган бўлса, “Туркман” қишлоғидаги 180 ўринли 21-мактаб биносида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ўқув йилининг бошланиши билан таъмирлаш ишлари ҳам тугатилиб, болажонлар янги ўқув йилини барча қулайликлар яратилган шинам ва ёруғ хоналарда бошлайди. Ўқув биноси, спорт залининг қурилиш ва таъмирлаш ишларига 4 миллиард 386 миллион сўм маблағ сарфланди.
[gallery-13183]
Туманда транспорт инфратузилма объектларини таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Ободонлаштириш ойлиги давомида 29 та бекат таъмирланди, 9 километр газ тармоқлари бўялди, 5 километрдан ортиқ ичимлик ва оқава сув тармоқлари таъмирланиб, атроф ҳудудлари ободонлаштирилди. Шунингдек, 10 дан ортиқ чиқинди тўплаш шохобчалари таъмирланиб, чиқиндилар вақтида шохобчалардан олиб чиқиб кетилмоқда.
Давлат хусусий шерикчилик асосида иш юритаётган “Эко-сфера” МЧЖ ходимлари ҳар куни аҳоли хонадонлари, ижтимоий объектлар, ободонлаштириш ишлари давомида йиғилган чиқиндиларни олиб чиқиб кетмоқда.
Зоминликлар мамлакатимиз Мустақиллигининг 32 йиллигини обод маҳаллада, обод кўнгил билан қарши олишга астойдил бел боғлаган.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА