Ҳуқуқий муносабат
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 600-моддасига биноан “Уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан бир тараф –уй-жойнинг мулкдори ёки у ваколат берган шахс, жумладан, ижарага берувчи – бошқа тараф, яъни ижарага олувчига уй-жойда яшаш учун уни ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишга топшириш мажбуриятини олади.
Хўш, уй-жойни ижарага бериш шартномаси қандай шаклда тузилади? Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил маълумот берди.
–Уй-жой юридик шахсларга ижара шартномаси ёки бошқа шартнома асосида эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун топширилиши мумкин. Юридик шахс уй-жойдан фақат фуқароларнинг яшаши учун фойдаланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 602-моддасига кўра, доимий яшаш учун яроқли бўлган алоҳида уй-жой (квартира, уй, квартиранинг ёки уйнинг бир қисми) уй-жойни ижарага бериш шартномасининг объекти бўлиши мумкин.
Уй-жойнинг яшаш учун яроқлилиги уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.
Кўп квартирали уйдаги уй-жойни ижарага олган шахс ундан фойдаланиш билан бир қаторда ушбу Кодекснинг 211-моддасида кўрсатилган мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
–Уй-жойни ижарага бериш шартномаси қандай шаклда тузилади?
–Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 603-моддасига кўра, уй-жойни ижарага бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади. Фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси давлат солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.
–Ижарага олинган уй учинчи шахс томонидан сотиб олинганда ижара шартномаси нима бўлади?
–Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 604-моддасига кўра, ижара шартномаси бўйича эгаллаб турилган уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши шартноманинг ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига олиб бормайди. Бунда янги мулкдор илгари тузилган ижара шартномаси шартлари асосида ижарага берувчига айланади.
–Уй-жойни ижарага бериш шартномаси қанча муддатга тузилади?
–Уй-жойни ижарага бериш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Агар шартномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у беш йилга тузилган ҳисобланади.
Бир йилгача муддатга тузилган уй-жойни ижарага бериш (қисқа муддатли ижара) шартномасига нисбатан, агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекс 606-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида, 609-моддасида, ушбу модданинг учинчи қисмида, 613 ва 614-моддаларида назарда тутилган қоидалар қўлланмайди. Ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуққа эга.
Агар ижарага берувчи уй-жойни бир йилдан кам бўлмаган муддатда ижарага бермасликка қарор қилган бўлса, у янги муддатга шартнома тузишни рад қилишга ҳақли.
–Ижара шартномаси қайси ҳолларда бекор бўлади?
–Уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади.
Уй-жойни ижарага олувчи ўзи билан бирга доимий яшайдиган бошқа фуқароларнинг розилиги билан ижарага берувчини уч ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, исталган вақтда ижара шартномасини бекор қилишга ҳақли.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси, агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан уй-жой учун олти ой мобайнида, қисқа муддатли ижарада эса шартномада белгиланган ҳақ тўлаш муддати ўтганидан кейин икки мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса, ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар томонидан уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса, уй-жойдан ғайриҳуқуқий қилмишларни содир этиш учун фойдаланилган бўлса, ижарага берувчининг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси, агар уй-жой доимий яшаш учун яроқли бўлмай қолса, шунингдек, авария ҳолатига келиб қолса, уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда шартномадаги исталган тарафнинг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.
Агар уй-жойни ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар уй-жойдан унинг вазифасига биноан фойдаланмасалар ёхуд мунтазам равишда қўшниларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузсалар, ижарага берувчи ижарага олувчини қоидабузарликларга барҳам бериш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириши мумкин.
Агар ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар огоҳлантириш олганларидан кейин ҳам уй-жойдан унинг вазифасига биноан фойдаланмасликни ёки қўшниларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузишни давом эттирсалар, ижарага берувчи уй-жойни ижарага бериш шартномасини суд тартибида бекор қилишга ҳақли.
Уй-жойни ижарага бериш шартномасини бекор қилиш учун асос бўлган қоидабузарликларга барҳам бериш тартиби ва муддатлари қонун билан белгилаб қўйилади.
Юқоридагилардан шуни кўришимиз мумкинки, Ижара шартномаси асосида ижарага олувчи ижара шартномаси ва Фуқаролик кодекси 615-моддасида кўрсатилган ижара шартномасини бекор қилувчи ҳаракатлар содир этса ҳам, ижарага берувчи томонидан шартномани бекор қилиш учун судга мурожаат қилиши лозим.
Яъни, сизни ҳеч ким ижара шартномаси суд томонидан бекор қилинмагунча ёки ижара шартномасининг муддати тугамагунча уйдан чиқариб юборишга ҳақли эмас.
Гулноза Бобоева, ЎзА