Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида "Ўзбекистон –2030" стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган "Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!" мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев, "Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилнозахон Каттахонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Шаҳноза Жолдасова келгуси 7 йилда мамлакатимизнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг тузилиши, мақсадлари ҳақида гапирди. Йиғилганлар стратегиянинг ёшларга оид қисмларини алоҳида тушунтирди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, унда 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган.
Давра суҳбати маърузачилари нутқидан сўнг муҳокама вақтида турли ютуқларга эришган ёшлар ўзларининг қизиқарли саволлари ҳамда таклиф-ташаббуслари билан масъулларга мурожаат қилди.

Тадбир якунида масофавий иштирок этаётган республикамизнинг ҳар бир ҳудудидан Ёшлар парламенти аъзолари, ёшлар етакчилари, партия фаоллари барча ёшларни ушбу жараёнларда фаол бўлишга чорлашди.

Фуқаролар лойиҳаларнинг муҳокамасида фаол иштирок этиб, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган таклифларни regulation.gov.uz va 2030.strategy.uz порталларига юборишлари мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА