Хитойнинг Чэнду шаҳрида поёнига етаётган XXXI Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида 119 давлатнинг 5100 нафардан ортиқ спортчиси 18 спорт тури бўйича 269 медаллар жамланмаси учун баҳс олиб борди.
Мамлакатимизнинг 70 нафар талаба-спортчиси 7 спорт туридаги баҳсларда қатнашди. 14 нафар таэквондочи, 14 нафар дзюдочи, 4 нафар гимнастикачи, 6 нафар теннисчи, 7 нафар енгил атлетикачи, 5 нафар ушучи, 20 нафар қиличбозимиз умумий ҳисобда 14 та медаль – 8 кумуш ва 6 бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 36-ўринни эгаллади.
Хўш, ушбу натижа олдинги Универсиада ўйинларидаги кўрсаткичлардан нимаси билан фарқ қилмоқда? Медалларнинг сони ва сифати эътиборга моликми? Сўзимиз шу ҳақда.

Албатта, ватанимиз спорт шуҳратини юксалтиришда Универсиада ўйинларида эришилган ҳар бир ютуқнинг аҳамияти беқиёс. Унинг ортида катта меҳнат, изланиш, спортчи ва мураббийларнинг матонат-у иродаси зоҳирлиги бор гап. Эришилган муваффақият кичик ёки катта бўладими муҳими, Ўзбекистон спортчиларининг жорий йил халқаро мусобақалардаги ўзига хос натижаси сифатида қадрлидир.
Спорт натижаларининг сарҳисобида рақамлар ва медаллар салмоғи асосий мезон саналади.
Тарихга назар ташласак. Мамлакатимиз талаба-спортчилари 1999 йилдан ёзги Универсиада ўйинларида қатнашиб келмоқда. Испанияда бундан 24 йил муқаддам ўтган XX ёзги Универсиадада ҳамюртларимиз 1 та кумуш медалга сазовор бўлганди. Ундан кейин 2001 йилги Пекин Универсиадасида 2 тадан олтин, кумуш, бронза медаллари қўлга киритилган.
Талаба-спортчиларимиз энг юқори натижани 2013 йили Қозон шаҳрида ташкил этилган XXVII ёзги Универсиада ўйинларида қайд этганди. Ўшанда 98 нафар талаба-спортчимиз 27 спорт тури бўйича кечган беллашувларда 2 олтин, 7 кумуш ва 10 бронза медалига эга чиқиб, умумжамоада 22-ўринни эгаллаганди. 2009 йили Белградда, 2017 йили Хитой Тайпейида ўтказилган Универсиада ўйинларида юртимиз вакиллари биронта ҳам совринли ўринга сазовор бўла олмади.
Чэндудаги Универсиада ўйинларида ҳамюртларимизнинг 14 нафари совринли ўринлардан жой олганлиги юртимиз талаба-спортчиларининг Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари тарихида медаллар сони бўйича иккинчи энг яхши натижаси, дейиш мумкин.
XXXI Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинлари мамлакатимизда фаолият юритаётган етакчи олий ўқув юртларида жисмоний тарбия ва спортга, хусусан, чемпионларни камол топтиришга эътибор қай даражада эканлигини ҳам қайсидир маънода кўрсатиб берди.
Чэнду баҳсларида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг саккиз, Миллий университетнинг беш, Қарши давлат университети ва Чирчиқ давлат педагогика университетининг икки нафардан, шунингдек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Урганч давлат университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг бир нафардан талабаси совриндор бўлишди. Бу кўрсаткич мазкур олий ўқув юртларида спортга эътибор борлиги, аммо ҳали қилиниши керак бўлган ишлар етарли эканлигини ҳам кўрсатиб берди.
Хўш, мамлакатимиздаги қолган нуфузли ўқув юртларининг талаба-спортчилари нега Универсиада ўйинлари иштирокчилари ёки совриндорлари қаторида кўриниш бермади?
Мазкур масала хусусида етакчи спорт мутахассисларимиз, ушбу йўналишда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар, зарур тавсияларини тақдим этар. Аммо, терма жамоаларимиз, спортчиларимизнинг биронтаси олтин медалга эга чиқмаганлиги таассуфли ҳол бўлди. Нега шундай бўлди?
Хитойда кечган ўйинларда юртимиз спортчилари 7 спорт турида қатнашган бўлса, деярли барча йўналишларда асосан захирадаги спортчилар иштирок этганлиги, ўйинлар дастурида бокс, оғир атлетика, эркин ва юнон-рум кураши каби йўналишларнинг бўлмаганлиги ҳам ҳамюртларимизнинг кўрсаткичларига таъсир қилди, албатта.
Бундан ташқари, Осиё ўйинларининг сентябрь ойида ўтказилиши, шунингдек, "Париж – 2024" Олимпия ўйинлари рейтинг мусобақалари давом этаётганлиги медаллар қаторида олтинларимиз бўлмаслигига олиб келганлиги ҳам рост.
Бироқ, бугунги давр баҳоналар, қандайдир важлар билан натижалар борасида юзаки хулосалар чиқаришга йўл бермайди. Тезкор, шиддатли замон воқеалар ривожига ҳамнафас бўлишни талаб этади.
Давлатимиз раҳбари яқинда Фарғона вилояти фаоллари билан учрашувда энди ҳеч кимнинг эскича ишлашига йўл қўйилмаслиги ҳақида қатъий фикр билдирдилар. Дарҳақиқат спорт соҳасида ҳам шундай. Давр эскича қарашлардан воз кечишни, дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран нигоҳ билан разм солишни, Ватан манфаати, унинг халқаро обрўси масаласида талабчан қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда.
Шу маънода, ҳар бир комплекс мусобақаларга тайёргарлик тизимларини янги босқичга олиб чиқиш, уларда қатнашадиган спортчи ва тренерларга руҳий қувват бағишлайдиган қарорлар қабул қилиш натижаларга эришишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Шу ўринда бир гап. Хитойда ўтган Универсиада ўйинларида мамлакатимиздаги 19 та олий таълим муассасасининг талаба-спортчилари иштирок этди. Аммо бирон бир олий ўқув юрти раҳбарияти Универсиада ўйинларида қатнашадиган талабалари учун “спортчи-талабаларимиз Универсиадада ғолиб ёки совриндор бўлса бундай мукофотга сазовор бўлади. Уларнинг ҳаётида шундай янгилик қилинади. Талаба-спортчиларнинг ортидан қолган оила аъзоларига олий таълим муассасаси томонидан рағбат кўрсатилади” қабилида руҳий қўлловни амалга оширмади. Ректору мутасаддилар қабул жараёнлари ва ўзлари учун ўта долзарб масалалар билан андармон бўлиб қолишди. Қолаверса, “давлат эътиборига кўз тикиб” турганлиги ҳам натижаларга таъсир кўрсатди, афсус...
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, юртимиздаги талаба-спорт жамиятининг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини кучайтириш, олий таълим муассасаларидаги спорт клублари фаолиятини замон талабларига мослаш янги ютуқларга пойдевор бўлиши шубҳасиз.
Яна бир энг муҳим жиҳат. Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари ҳар икки йилда ўтказилишини назарда тутган ҳолда мамлакатимиз талабалари ўртасидаги ҳақиқий чемпионатлар тизимини йўлга қўйиш давр талаби. Кейинги Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинлари 2025 йилнинг 16-27 июль кунлари Германиянинг Рейн-Рур шаҳрида ўтказилади. “Мушкулимизни ким осон қилиб берар экан”, деб вақт бекатида XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада поездини кутиш шарт эмас. Унга Янги Ўзбекистоннинг янги имкониятларини намоён этадиган ёруғ ниятлар билан пешвоз чиқмоқ лозим.
Тўлқин РЎЗИЕВ,
ЎзА мухбири