Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Аҳолига кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг сифати ва самарадорлигини ошириш вазифасини ҳал этишда маҳалла тиббиёт пунктларининг роли” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Президентимизнинг 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижро этилиши ҳолати қўмита томонидан ўрганилиши натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан саналади.
Айниқса, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг сифатини яхшилаш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда жойларда маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, биргина 2022 йилда 136 та поликлиника ва 1404 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Натижада 4,5 миллион нафар аҳолига бирламчи тиббиёт яқинлаштирилди. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, 11 та оилавий поликлиника, 35 та оилавий шифокор пункти ва 35 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилган бўлиб, бирламчи тиббиёт яқинлашган аҳоли сони 250 минг нафарга етди.
Давра суҳбатида ушбу маҳалла тиббиёт пунктларида шошилинч биринчи ёрдам кўрсатиш, зарур ҳолатларда чақирувга асосан уйда кўрикларни амалга ошириш, турли ёшдаги аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соғлом авлодни тарбиялаш, касалликлар профилактикаси бўйича оммавий ва индивидуал тарғибот тадбирларини ўтказиш, профилактик ва иммунопрофилактик, диагностик ва даволаш муолажаларини ўтказиш ишлари йўлга қўйилгани қайд этилди.
Фуқаролар соғлиғини сақлаш қўмитаси аъзолари томонидан ҳудудларда олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланишича, жойларда маҳалла тиббиёт пунктларининг ташкил этилиши аҳолининг бирламчи тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари кенгайишига сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда маҳалла тиббиёт пункти фаолиятини самарали ташкиллаштириш борасида ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжудлиги аниқланди. Хусусан, маҳалла тиббиёт пунктларининг ичимлик суви ҳамда электр тармоғига уланиши, зарур тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланиши борасидаги вазифаларнинг ҳудудлардаги ижроси бир-биридан фарқланиши кузатилган. Шунингдек, айрим маҳалла тиббиёт пунктлари жойлашган ер майдони соғлиқни сақлаш тизими балансига ўтказилиши ишлари ҳанузгача оқсамоқда.
Бундан ташқари, маҳалла тиббиёт пунктлари ва оилавий поликлиникалар ишини электрон интеграциялаш, айрим пунктларнинг олий тоифали, малакали шифокорлар билан таъминланиши даражаси пастлигича қолаётгани, зарур мутахассислар билан етарлича таъминланмагани аҳолининг кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатидан тўла қониқиш ҳосил қилмаслигига сабаб бўлмоқда.
Тадбирда иштирок этган депутатлар ҳамда соҳа масъуллари тиббиёт тизимини янада ривожлантириш, тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
ЎзA