Муомалада бўлувчи қоғоз пуллар маълум муддат ўтиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолиши мумкин. Ана шундай вазиятда кўпчилик нима қилишни, қаерга мурожаат этишни билмайди. Аслида эса бунинг қонуний чора-тадбирлари белгиланган. Ўзи қандай ҳолатдаги банкнотлар тўловга яроқли ёки яроқсиз сифатида тавсифланади?
Қуйидаги ҳолатдаги банкнотларни монеликсиз тўловга қабул қилиш лозимлиги ва тушум пули сифатида банкларга топшириш мумкинлиги белгиланган. Хусусан, булар:
-ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилиш бўлган, қоғози сийқаланган (ишқаланиш оқибатида юпқалашиб, юмшоқ қоғоз кўринишига келиб қолган) ҳамда доғлари бўлган ва турли расм ва (ёки) ёзувлар ёзилган банкнотлар;
- йиртилиб бўлакларга ажралган ва елимланган пуллар - агар пулнинг қисмлари шубҳасиз битта банкнотга тегишли бўлса;
- бўёқ моддалари ёки кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар;
- банкнотнинг айрим қисмига (ёки қисмларига) ёзилган ёзувлар ёки бўялган (бўёқ тўкилган) жойи банкнот умумий ҳажмининг 5 фоизидан ошмайдиган банкнотлар;
- банкнотнинг йиртилган, тешилган жойининг диаметри ёки йиртилиб тушган бурчаги (қисми) 1 смдан ошмайдиган банкнотлар;
- ранги кескин тарзда ўзгармаган банкнотлар;
- шикастланиш тури ва жойлашишидан қатъи назар, банкнот тўлиқ ҳажмининг 55 фоизидан кам бўлмаган қисми сақланиб қолинган пуллар.
Банкнота қуйидаги ҳолларда тўловга яроқсиз ҳисобланади:
- банкнот умумий ҳажмининг 55 фоизидан кам қисми сақланиб қолган бўлса;
- тегишли ҳимоя белгиларига эга бўлмаган банкнотлар яъни қалбаки пуллар;
- банкнотдаги унинг номинал қийматини акс эттирувчи ёзув ва рақамларни ўзгартириш орқали ҳосил қилинган сохта пуллар ҳам тўловга яроқсиз ҳисобланади.
Елимланган банкнот қисмлари битта банкнотга тегишли бўлса, яъни серия, рақамлари бир хил бўлганда “яроқли пул” сифатида тўловга қабул қилиниши лозим. Айрим ҳолларда, бир хил номиналдаги, бироқ 2 та банкнотнинг қисмларининг бир-бирига елимланганини учратиш мумкин. Яъни банкнот қисмларидаги серия, рақамлар турлича бўлади. Ушбу банкнотларнинг ҳар икки қисми алоҳида олинганда, банкнот умумий юзаси 55 фоизидан кам бўлса “тўловга яроқсиз” деб топилади. Аксинча бўлса, қабул қилинади.
Агар банкнот юқорида айтиб ўтилган “тўловга яроқсиз” пул тоифасига мансуб бўлмаса, уларни банкларда ҳеч қандай муаммосиз алмаштириб олиш мумкин. Бунда банклар кассалари орқали шикастланган, эскирган банкнотлар қабул қилиниб, уларнинг умумий суммасига тенг бўлган миқдорда яроқли банкнотлар билан алмаштириб берилади.“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонунда ҳам банклар шикастланган пул белгиларини Марказий банк томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ чекловларсиз алмаштириб бериши қайд этилган. Эскирган пуллар банкларда қабул қилингач, улар қайта муомалага чиқарилишига йўл қўйилмайди.Пул сув тошиши, ёнғин ё бошқа бахтсиз ҳодисалар оқибатида жиддий шикастланган бўлса, уларнинг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқли эканлигига банк кассирлари тўлиқ ишонч ҳосил қилгач, алмаштириб берилиши мумкин.Банк кассаларида шикастланган, лекин тўловга яроқли эканлиги шубҳа уйғотмайдиган банкнотлар ва тангалар алмаштириб берилиши, ҳеч қандай касса ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳолда амалга оширилади.Ушбу шикастланган пуллар банк томонидан саралаш жараёнида “эскирган” тоифасига ўтказилади ва қайта муомалага чиқарилмайди ҳамда Марказий банкка юборилади.
Пулларнинг ҳақиқийлигини ушбу ҳимоя элементлари орқали аниқлаш мумкин:
- ҳимоя ипидан. Мисол учун, 100 000 сўмликларда «3D» эффектли ҳимоя ипи ўтказилган;
- бармоқ учлари билан ушлаб кўрилганда сезиладиган бўртиб турувчи тасвирлардан;
- маълум қиялик бурчаги остида қаралганда, рангини ўзгартирувчи тасвирлардан (нақш ёки рақам кўринишида) пайқалади.
Агар қўлингизга шубҳали ёки сохта бўлган пуллар келиб тушганда уларни ҳақиқатда қалбаки эканлигини аниқлаш ҳамда қонуний баҳо бериш мақсадида тижорат банкларига топшириш тавсия этилади.
Батафсил:
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/1yfWPk1Slcw" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
М.Турдалиева, H.Абдувоитов ЎзА