Жорий йил 27 июль - 5 август кунлари Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилди.
Мазкур тезкор тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (“Ўзэнергоинспекция”) ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда аниқланишича, Тошкент вилоятининг Пискент туманида жойлашган “Kamolot istiqlol ko‘makchisi” МЧЖга қарашли 3 та АГТКШда ўрнатилган газни ҳисобга олиш ускуналарида назорат қилинадиган маълумотлар истеъмолчилар аралашуви билан қисман йўқотилишига йўл қўйилганлик ҳолати, яъни газни ҳисобга олиш ускунасининг электр таъминоти тизимидан вақти-вақти билан узиб қўйиш йўли билан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмининг ҳақиқий кўрсаткичлари ҳисоботлардан яшириб келинган.
Юқоридаги ҳолатлар сабабли “Kamolot istiqlol ko‘makchisi” МЧЖга қарашли 3 та АГТКШнинг саноат тармоғидаги уланиш нуқтасида истеъмол қилинган табиий газ ҳажми ҳисобини юритиш учун ўрнатилган ЭГХУларининг электрон хотира маълумотлари йўқотилишига йўл қўйилган.
Табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани юзасидан расмийлаштирилган далолатномага кўра, “Kamolot istiqlol ko‘makchisi” МЧЖ-1 шохобчаси томонидан қиймати 1 миллиард 302 миллион 579 минг сўмлик (1 302 579 метр куб табиий газ), “Kamolot istiqlol ko‘makchisi” МЧЖ-2 шохобчасида қиймати 4 миллиард 623 миллион 523 минг сўмлик (4 623 523 метр куб табиий газ) ва “Kamolot istiqlol ko‘makchisi” МЧЖ-3 шохобчасида эса 1 миллиард 896 миллион 573 минг сўмлик (1 896 573 метр куб табиий газ) ҳажмда табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди.
Шунингдек, Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Чинмасжид” МФЙда жойлашган “Koshona poydevori” МЧЖга қарашли АГТКШда табиий газ ҳажмини ҳисобга олиш учун ўрнатилган “AвтоПилот ПРО” русумли электрон ҳисоблагичга ўрнатилган бир маротабалик назорат тамғаси қасддан бузилгани ва ҳисоблагичдаги манифольд қисми тенглаштирувчи жўмраклари қисман очиқ ҳолатдалиги (улаш тартиби бўйича тўлиқ ёпиқ ҳолатда бўлиши керак) аниқланди. Бу эса, ўз навбатида, ҳисоблагичдаги кўрсаткичларни ташқи таъсир ёрдамида камайтириб кўрсатилишига олиб келади.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга асосан 1 миллиард 907 миллион 168 минг сўмлик (1 907 168 метр куб табиий газ) табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди.
Тадбир давомида Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қорасув” МФЙ, Хонобод кўчасида жойлашган “Nur Ziyod fayz biznes” МЧЖга қарашли АГТКШда “AвтоПилот ПРО” русумли газ ҳисобдони ўрганилди. Унда маълум бўлишича, газ ҳисобдонга ташқи таъсир кўрсатилгани, яъни ҳисобдон манифольд қисми тенглаштирувчи жўмраклари очиқ ҳолатда (тўлиқ ёпиқ ҳолатда бўлиши керак) бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиард 324 миллион 800 минг сўмлик (1 324 800 метр куб табиий газ) табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.
Ушбу ҳажмдаги табиий газ ўртача 6 мингта хонадоннинг бир йиллик истеъмолидир.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, аниқланган мазкур ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим этилган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади.
ЎзА