Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача таълим агентлиги томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳисоботига бағишланган матбуот анжуманида таъкидланди.
Унда мактабгача таълим тизимининг турли йўналишлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди.
Хусусан, 2023 йил июль ҳолатида жами 30 минг 792 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 6 734 таси давлат ва 24 минг 58 таси нодавлат (789 та хусусий, 21 941 та оилавий ва ДХШ асосидаги 1 328 та нодавлат МТТ) мактабгача таълим ташкилотларидир. Шунингдек, МТТларда 2 миллион 111 минг 487 нафар ёки 72 фоиз бола мактабгача таълимга қамраб олинган бўлиб, шундан 647 минг 655 нафар 6 ёшли болаларнинг 563 минг 331 нафари 2023-2024 ўқув йилида мактабга чиқадиганларни ташкил этади.
Жорий йилнинг май ойида қайта жиҳозланган 7 та ISUZU HC-40 автобуслари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига юборилди. Натижада мобил гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича 156 та МФЙларда 72 та ISUZU HC-40 автобуслари базасида ташкил этилган 429 та мобил гуруҳларида 7 минг нафарга яқин 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қамраб олинди.
1 июль ҳолатига кўра, республикада жами умумий қуввати 650 гуруҳга мўлжалланган 74 та кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд. Уларда 576 гуруҳ (88,6%) фаолият кўрсатмоқда ва 6 минг 77 нафар ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар тарбияланмоқда.
2022-2023 ўқув йили даврида Мактабгача таълим агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг малакали мутахассислари иштирокида ташкил этилган тиббий-психологик-педагогик комиссия томонидан 8 976 нафар бола кўрикдан ўтказилди. 7 804 нафар болага давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТТларга хулоса-йўлланма берилди.
Жами педагогларнинг 115 минг 130 нафари (75,3%) давлат ва 37 минг 767 нафари (24,7%) нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига тўғри келади. 2023 йилнинг январь-июнь ойлари давомида мактабгача таълим ташкилотларининг 7828 нафар раҳбар ва педагог кадрларнинг ҳамда педагогика коллежларининг 71 нафар педагог кадрларининг малакаси оширилди.
Таъкидланишича, Мактабгача таълим агентлиги тасарруфидаги 2 та олий таълим муассасаси: Тошкент шаҳридаги Пучон университетида 1 426 нафар, А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг филиалида 612 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Н. Усмонова,
ЎзА