Cўнгги йилларда солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита самарали ишлар ташкил этилмоқда.
Президентимиз раислигида жорйи йил 2 август куни ўтказилган камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида жойларда солиқ базасини кенгайтириш учун мавжуд имкониятларга алоҳида эътибор қаратилган эди. Жумладан, Бўка туманидаги ишлаб чиқариш тармоқларини янада ривожлантириш борасида зарур тавсиялар берилди. Мақсад Бўкада бюджетга қўшимча 30 миллиард сўм тушумни таъминлашдир. Бу – ҳудудда бюджетга йиллик тушумларни 1,5 карра кўпайтириш имконини беради. Бандлик масаласи ҳам ҳал бўлиб, “ишсизликдан холи ҳудуд”га айланади.
Шуни эътиборга олиб туман маҳаллаларида солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича махсус штаб фаолияти йўлга қўйилди. Унга солиқ бошқармаси, савдо-саноат палатаси, кадастр ва давлат активларини бошқариш агентликлари, марказий банк ҳамда бошқа давлат идораларининг вилоят ва туман тузилмаларидан малакали мутахассислар жалб қилинган. Улар тумандаги 44 маҳалла ва уларда фаолият юритаётган 2776 тадбиркорлик субъектларини хатловдан ўтказди. Хўш, натижалар қандай бўлди?
– Ўрганишларимиз ўз натижасини берди, – Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси боғлиғи Зиёдбек Йўлдошов. – Биринчи галда умумий майдони 111573 минг квадрат метр бўлган 240 бўш турган бино ва 190,6 гектар бўш ер майдонлари борлиги аниқланди. Жойлардаги 444 паст қувватда ишлаётган корхоналар фаолияти ўрганилди. Улар фаолиятини тиклаш ҳисобига 2 минг 343 та иш ўрни яратиш мумкин. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг йиллик товар айланмаси эса 74,2 миллиард сўмга етказилади.
Бундан ташқари, 241 тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш имкони мавжуд. Давлат рўйхатидан ўтмасдан бизнесини юритаётган шахсларга амалий кўмак берилади. Шу билан бирга, ўттиздан зиёд “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритиладиган салоҳиятли тадбиркорлар ҳам борлиги аниқланди.
Лойиҳалар доирасида тумандаги 25 минг 651 та хонадонлар хатловдан ўтказилиб, аҳолига кредит, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ер майдони ажратиш режалаштирилган. Мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли 8 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
А.Мусаев,
ЎзА.