Самарқанд вилоятининг ҳар бир қарич ери сир-синоатларга бой. Бу заминда қадим даврлардан аҳоли манзилгоҳлари, шаҳар ва қўрғонлар бўлган. Аҳоли деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. Бинобарин, уч минг йиллик тарихга эга Самарқанд шаҳри атрофларида ҳам ўша даврлардан ҳаёт қайнаган, аҳоли яшаган, турли машғулотлар билан шуғулланган.
Жумладан, вилоятнинг Нарпай туманида 60 дан ортиқ археологик ва архитектура ёдгорликлари аниқланган бўлиб, улар даврийлик жиҳатидан палеолит, антик, илк ва сўнгги ўрта асрларга оид. Яъни, воҳанинг антропоген ландшафти аждодларимиз томонидан доимий ўзлаштириб борилганлигидан гувоҳлик беради.
Жорий йилнинг июль ойида туманнинг Тошкўприк маҳалласидаги Рабинжон (айрим манбаларда Арбинжон тарзида ҳам ёзилган) ёдгорлигида Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти археологик отряди томонидан қазишма ишлари олиб борилди.
– Ўрта асрлар ёзма манбаларида келтирилишича, Рабинжон Хуросонга борадиган катта йўл, яъни Самарқанд ва Бухорони боғловчи Буюк ипак йўли тармоғи устида жойлашган Марказий Суғднинг йирик шаҳарларидан бири бўлган, – дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов. – Шаҳар 150 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, арк, шаҳристон ва работдан ташкил топган. Шаҳристонда аҳоли, аркда ҳукмдор, работда ҳунармандлар ва ҳарбийлар яшаган. Манбаларда Рабинжон аҳолиси кўп бўлгани, деҳқонлик, чорвачилик, ҳунармандчилик ҳамда савдо-сотиқ билан шуғулланганлиги қайд этилади. Институтимиз ходимлари томонидан ёдгорликнинг шаҳристон ва работ қисмларида олиб борилган археологик қазишма ишлари давомида XI-XII асрларга оид тураржой ўрни ҳамда хумдон топилди.
[gallery-13012]
Манбаларга кўра, Рабинжон милоддан аввалги I минг йилликнинг биринчи ярмида пайдо бўлган. У кўҳна Оромижон шаҳри харобаси ўрнида қурилган. Ўрта асрларда қадимий Рабинжонга қарашли бўлган Сакон ёки Аскон, Санкабот, Фурфора ва Карзон каби қишлоқларнинг номлари ҳам учрайди. Самарқанд –Бухоро карвон йўлида бунёд этилган бу шаҳарнинг шаҳристон қисми илк ўрта асрларда мудофаа деворлари билан мустаҳкамланган. IX асрнинг охири XII асрнинг ўрталарида шаҳар янада кенгайтирилган.
– Рабинжондан топилган 5,5х3,5 метр ўлчамдаги тураржой ёдгорликнинг шаҳристон қисмида бўлган, – дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти докторанти Наврўз Алимов. – Деворларнинг қалинлиги 80 сантиметрдан 1 метргача етса, эшикнинг кириш қисми 90 сантиметрни ташкил этади. Шунингдек, уй ўртасида диаметри 44 сантиметрли ўчоқ бўлиб, ундан хонани иситишда фойдаланилган. Бу ердан топилган сопол буюмлар, тангалар, ғишт ва турли турар жой қолдиқларнинг ўлчамидан маълум бўлдики, топилмалар қорахонийлар даврига, яъни XI-XII асрларга оид деб даврлаштирилди.
Шаҳарнинг жанубий-шарқий қисмидан топилган сопол буюмлар тайёрланадиган хумдон ҳам ўша даврга оид деб баҳоланмоқда.
– Хумдон икки ярусли бўлиб, пастки қисми оловхона вазифасини ўтаган, юқори қисмида эса сопол пиширилган, –дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти катта илмий ходими Алишер Сандибоев. – Афсуски, хумдоннинг сопол пишириладиган қисми бизгача сақланиб қолмаган, бузилиб кетган. Оловхонаси тўлиқ ғишт билан ўраб чиқилган, юмалоқ шаклда қурилган. Рабинжон шаҳридаги кулолчилик намуналарининг аксарият қисми ўша даврларда айнан шу каби хумдонларда тайёрланган. Лекин ёдгорликдан топилган сопол бўлаклари IV-V асрлардан XIX асрларгача мансубдир. Шу боис бу ерда ҳали кенг кўламли тадқиқотлар олиб боришимиз лозим.
Институт археологлари ёдгорликда тадқиқот ишларини давом эттирмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА