Муносабат
Маълумки, 2023 йил 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Шавкат Мирзиёев қасамёд қабул қилди ва Ўзбекистон Президенти лавозимига киришди.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ва масъулиятли бу сиёсий жараён халқимиз билан биргаликда танланган ва амалга оширилаётган миллий тараққиёт йўлимиз нақадар тўғри эканини яна бир бор тасдиқлади.
Шу билан бирга, янги сайланган Президент томонидан келгуси етти йилга мўлжалланган устувор мақсадлар сифатида барча жабҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, мамлакатнинг бундан кейинги даврдаги тараққиёти, аҳолининг янада фаровон турмушини таъминлашга эътибор қаратилгани кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, Президент экология, атроф-муҳитни асраш ва сув танқислиги муаммоларининг олдини олишга қаратилган масалаларни устувор вазифа сифатида кўрсатиб ўтгани алоҳида эътиборга молик.
Сабаби, бугунги кунда дунёда юз бераётган шиддатли жараёнлар, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва экология билан боғлиқ муаммолар ҳамжамият олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Жаҳон ялпи ички маҳсулоти, аҳоли сонининг ўсиши, инсониятнинг атроф-муҳитга салбий таъсири ва глобал энергия ресурсларининг чекланаётгани экологик муаммоларнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда қабул қилинаётган аниқ мақсад ва вазифаларни ўзида жамлаган фармон ва қарорлар, тасдиқланган дастурлар ижроси доирасида кўрилган чора-тадбирлар ижобий натижаларни бермоқда. Жумладан, Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури ишлаб чиқилди, Ўзбекистон Париж битимини ратификация қилди. Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ташкил этилди, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқланди.
Ўзбекистон "2019-2030 йиллар даврида мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси”ни қабул қилди, мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш бўйича махсус резолюцияси қабул қилинди.
Шу ўринда Президент ўз нутқида экология ва атроф-муҳитни асраш, сув тақчиллигининг олдини олиш бундан буён ҳам долзарб вазифа бўлиб қолишини қайд этди. Хусусан, давлат раҳбари ўз нутқида “...биз дунёдаги энг катта экологик офат – Орол фожиасини бевосита ўз бошидан кечираётган халқмиз. Шунинг учун ҳозирги вақтда республикамизда бебаҳо экологик тизимни сақлаш ва мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли дастурлар, жумладан, "Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда...", дея қайд этди.
Шундай экан, мазкур дастурларни амалга ошириш орқали экологик муаммо ва иқлим ўзгариши шароитида дунё ҳамжамиятининг диққат марказида бўлган Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонларни барпо этиш орқали 2026 йил якунига қадар уларнинг умумий ҳажми 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказиш билан нафақат Ўзбекистонда, балки минтақада экологик барқарорлик тикланишига эришиш таъминланади.
Ҳудудда Оролбўйида халқаро “Яшил иқлим” ва Глобал экологик жамғармаларнинг биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш ҳам экологик муаммолар бугунги куннинг долзарб масаласи эканини тасдиқлаб турибди.
Хулоса қилиб айтганда, Президент нутқидаги экология ва атроф-муҳит масаласи давлат бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ва фуқароларни табиатни муҳофаза қилиш, аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишга ҳамда экологик хавфсизлик муаммоларининг олдини олишга сафарбар қилади.
Авазбек ХОЛБEКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти.
ЎзА