Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори ва мутасаддилари қабул ва имтиҳон жараёнлари ҳақида маълумот берди.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга 2023/2024 ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 10 июндан – 10 июлга қадар онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилди. Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига кириш имтиҳонлари катта сиғимли 58 та ёпиқ биноларда ўтказилиши режалаштирилган.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, жорий йил 25 июлдан 31 июлга қадар Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ўқув муассасаларида 2-босқич кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади.
Президент мактабларига 2023/2024 ўқув йили учун 56 минг 745 та ҳужжат қабул қилинди. Президент мактабларига қабул қилинган ҳужжатлар бўйича битта ўринга ўртача 169 та ҳужжат тўғри келмоқда. Бунда, бир ўринга қабул қилинган ҳужжатлар бўйича энг юқори кўрсаткич Андижон вилоятига 267 та, Фарғона вилояти 229 та, Сурхондарё вилояти 225 та, Наманган ва Самарқанд вилоятлари 224 тадан ҳамда энг паст кўрсаткич Сирдарё вилояти 80 та ҳамда Навоий вилояти 74 та ҳужжат тўғри келди. Ижод мактабларига эса 2023/2024 ўқув йили учун жами 4 минг 684 та ҳужжат қабул қилинди.
Таянч ихтисослаштирилган мактабларига жами 18 минг 831 та ҳужжат қабул қилинган. Хусусан, Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабига 2 116 та, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабига 2 880 та, Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабига 13 835 та ҳужжат қабул қилинган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА