Қўқон шаҳар ҳокимлигининг баъзида асоссиз, баъзида ноқонуний қабул қилган қарорлари вақти келиб бирин кетин бекор қилинмоқда.
Масалан, 27-мактабнинг ер майдони ва бино иншоотлари шаҳар ҳокими қарори билан МЧЖ шаклидаги тадбироклик субъектига бериб юборилган эди. Вилоят ҳокими ўз қарори билан хотамтой ҳоким қарорини бекор қилди ва барчасини ўз эгаси – мактабга қайтарди.
Бу дарёдан томчи десак ҳам бўлаверади. Фуқароларнинг ер ва мол мулкини буздириб, суд орқали чиқарилган ва қонуний кучга кирган қарорларга кўра ҳалигача тўланмай келинаётган шаҳар ҳокимлиги қарздорлиги 17 миллиард сўмдан ошибди. Ҳокимлик мутасаддиси сўзларига эътибор беринг.
–Ҳозирги кунда Қўқон шаҳрида компенсация тўловлари 17 миллиард сўм атрофида тўпланиб қолганлиги сабабли вилоят ҳокимиятига мурожаат қилинган, -дейди Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Маъруфжон Қаюмов.
Марҳабо Рахимова шундай ҳақдорлардан бири.
–Умр бўйи тўқувчи бўлиб ишладим. Турмуш ўртоғим ошпаз эдилар. Биз топган – тутганимизни тўплаб шу ерга автомобилларга хизмат кўрсатиш шаҳобчаси қурган эдик, - дейди кўзига ёш олиб Марҳабо опа. – Лекин...
Ҳақсизлик изтиробида беморлик орттириб 2 гуруҳ ногиронига айланган Марҳабо Рахимова ортиқ гапира олмади.
–Онам ҳаяжонланиб кетяптилар, - дейди опанинг фарзанди Икромжон Рахимов. –Қўқон шаҳри ҳокими қарори билан бузилган иншоотлар учун ҳалигача компенсация ололганимиз йўқ.
Ҳозир кўп қаватли уйлар қурилаётган майдонда жойлашган эди, Рахимовлар мулки. Уни шаҳар кўчаларини ободонлаштириш мақсадида буздилар. Узоқ сарсонгарчиликдан сўнг шаҳар ҳокимининг, 2013 йил 536-сонли қарори билан Рахимовларга Қўқон-Фарғона йўлида иссиқхона қуриш шарти билан ер майдони ажратилди. Рахимовлар дарҳол тегишли хужжатларни расмийлаштириб қурилиш бошлаётган чоғда... ернинг эгаси борилиги аниқланди. Ер “Универсалбанк” ХАТБга тегишли экан. Қўқон шаҳар ҳокимининг қарори суд қарори билан “ҳақиқий эмас” деб топилди ва бекор қилинди.
Рахимовлар яна ҳеч нимасиз қолишди.
–Шундан буён на ер, на компенсация беришади. Отам бу воқеаларни юрагига яқин олиб вафот этдилар... – дейди Икромжон Рахимов.
Ниҳоят Рахимовлар оиласи судга мурожаат қилди 2023 йил 19 апрелда узоқ давом этган ўрганишдан сўнг Қўқон туманлараро фуқаролик суди Қўқон шаҳар ҳокимлигидан 3 814 562 000 минг сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилади ва у тегишли муддат ўтиб қонуний кучга киради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/anQURuaEa-c" title="Қўқон шаҳар ҳокимлиги суд қарорини нега ижро этмаяпти?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>–Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2023 йил 20 апрелдаги ижро хужжати келиб тушди. Бунда даъвогар Раҳимова Марҳабо фойдасига қарздор Қўқон шаҳар ҳокимиятидан 3 814 562 000 минг сўм конпенсация ундириш белгиланган. Унга кўра ижро хужжатлари қўзғатилган. Шаҳар ғазначилик бўлимига талабнома юборилди, мол мулкига таъқиқ қўйилди, ҳисоб рақами банд қилинди, -дейди Қўқон шаҳар мажбурий ижро бюроси раҳбар ўринбосари Лазизхон Алихўжаев. –Лекин пул маблағлари тўланмаяпти. У келиб тушса ҳақдорнинг ҳисобига ўтказиб берамиз.
Ҳа, қонунан адолат қарор топди. Ер, мол-мулки бузилган фуқарога компенсация ундирилиши лозим. Аммо...
–Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳисоб рақамида етарли маблағлар бўлмаганлиги, шу каби компенсация қарздорликлари 17 миллиард сўмгача тўпланиб қолганлиги сабабли шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов томонидан Фарғона вилоят ҳокимлиги қошидаги махсус жамғармага мурожаат қилинди, - дейди ҳуқуқшунос Маъруфжон Қаюмов.– Вилоят ҳокимлиги мутахассислари Қўқонга келиб вазиятни ўрганишди ва натижаларини Республика иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этдилар. Агарда вазирлик қошидаги махсус жамғарма Фарғона вилоятидаги ҳудудий жамғармага, у эса Қўқон шаҳар ҳокимлигига шу пулларни ўтказиб берса, биз нафақат Рахимова, бошқа ҳақдорларга ҳам компенсация пулларини тўлаб беришга ҳаракат қиламиз.
Шундай қилиб ҳокимият жабрланувчига “жамғарма”лар пул ажратса берамизда, демоқда. Жабрланувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига қилган мурожаати ҳам натижа бермади. Жавоб хатида шундай дейилади.
“Республика жамғармаси кузатув кенгаши ўз ишчи органи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва Республика жамғармасидан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш учун ҳудудий жамғармаларга маблағ ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши белгилаб қўйилган”
Во ажаб, суднинг қонуний кучга кирган қарорини вазирлик муҳокама қиладими, қарорда кўрсатилган етказилган зарарни қоплашни ўз тарикибидаги ҳудудий жамғармага “рад этиши” ҳам мумкинми?
Ҳақли савол туғилади. “Жамғарма”да суд қарори ижросини “рад этиш” ҳуқуқи бор экан, нега Мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳар ҳокимлигидаги хатловга олинган ўнлаб автомашина, мол- мулкни сотувга қўймаяпти?
Хуллас Рахимовлар суд қарори билан етказилган зарарни ундириб олгунча хали Қўқон шаҳар ҳокимияти, мажбурий ижро бюроси, ғазначилик ўртасида кўўўп сарсон бўладиган кўринади.
Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов.