Бугун "Талимаржон ИЭС" АЖда 1065 МВт қувватга эга янги буғ-газ қурилмалари қурилишига старт берилди.
Мазкур лойиҳа “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Талимаржон ИЭС” АЖ, Испаниянинг “Intecsa Ingeniera Industrial S.A.” ва Япониянинг “Mitsubishi Corporation” компаниялари ўртасида 1065 МВт қувватга эга навбатдаги буғ-газ қурилмаларини қуриш бўйича имзоланган шартномага асосан амалга оширилади.
Унга кўра, 2025 йил якунига қадар станцияда умумий қуввати 1065 МВт бўлган навбатдаги иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш ишлари олиб борилади.

"Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизматига кўра, лойиҳанинг бош пудратчилари сифатида Испаниянинг “Intecsa Ingeniera Industrial S.A.” ва Япониянинг “Mitsubishi Corporation” компаниялари консорсиуми қатнашмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 771,8 миллион долларга тенг. Янги инвестиция лойиҳаси Самарқанд ва Бухоро вилоятлари истеъмолчиларини, Қарши магистрал каналидаги еттита насос станциясини ишончли электр энергияси билан таъминлашга қаратилган.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида корхона томонидан йилига қўшимча 8,5 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Юқори тежамкор технологиялар ҳисобига 600 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади.

Шунингдек, лойиҳанинг татбиқ этилиши туфайли атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 1500 тоннага камаяди ҳамда 112 та янги иш ўрни яратилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади. ЎзА