Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Наманганда Исоқхон тўра Ибрат номи билан аталувчи чет тиллари олий ўқув юрти ташкил этилганди. Бу йил унинг биринчи босқичини 448 нафар ёшлар тугаллади.
Янги Наманган шаҳарчасининг марказида, 5 гектар майдонда қурилиши бошланаётган мажмуанинг минг ўринли ўқув биноси, 400 ўринли талабалар турар жойи, юз ўринли Ахборот - кутубхона, 250 ўринли фаоллар зали ва бошқа ёрдамчи бинолари бўлади.
– Бугун Наманганда тарихий воқеа содир бўляпти, - дейди Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғунов. – Чунки бу институтда нафақат чет тиллари филолог ўқитувчилари, балки синхрон ҳамда бадиий таржимон, лингвист, гид-кузатувчи, тилшунос илмий ходимлар етиштирилади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мажмуага тамал тоши қўйишга бағишланган тадбирда Исоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти ўзининг илғор ўқитиш услублари, юқори малакали мутахассислари билан дунёнинг машҳур олий ўқув юртлари қаторидан жой олишига барча имконият ва шароит борлигини алоҳида таъкидлади.
– Бундан бир неча йил илгари Наманганда фақат учта олий ўқув юрти бўлган. Ҳозир уларнинг сони 11 тага етди, - деди вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов. – Биз Янги Наманган шаҳарчасида яна Кимё технологиялари институти биносини қурамиз. Хорижий ҳамкорлар билан яна бир халқаро университет очиш устида иш олиб боряпмиз. Яқин келажакда бу ерда ҳақиқий талабалар шаҳарчаси пайдо бўлади.
Тадбирда сўз олган нуроний отахонлар авлод аждодларга илм масканлари очиб чексиз имкониятлар яратаётган давлат раҳбари ҳақига дуои фотихалар қилдилар.
Шундай қилиб, тадбиркорлик, энергетика, тиббиёт маркази бўлган Наманган энди Ўзбекистондаги йирик олий таълим ўчоғига айланмоқда.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/XfbKcj4_x7I" title="Наманган мамлакатнинг йирик олий таълим ўчоғига айланмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов.