Шу кунларда Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки мутахассислари бир гуруҳи мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.
Меҳмонлар Оққўрғон тумани солиқ инспекциясида бўлиб, Ўзбекистон солиқ тизимини такомиллаштириш йўлида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Улар туман солиқ инспекцияси ва тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар, йўлга қўйилган автоматлаштирилган электрон ҳужжат алмашиши тизими фаолиятини кўздан кечирди. Барча саволларга солиқ тизими мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.
***
Шу кунларда маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Чирчиқ шаҳридаги маҳалларда ташкил этилган ўрганишлар натижасида 400 дан ортиқ ёшлар бандлигини таъминлашга зарурат борлиги аниқланган. Мазкур ҳудудда ёшлар орасида жиноятчилик 70 фоизга ошгани қайд этилган. Ёшлар муаммоларини тизимли ҳал этиш ва уларга амалий ёрдам бериш мақсадида, бугун мазкур шаҳарда меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда ўттиздан зиёд ташкилот ва корхоналар уч ярим мингдан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этмоқда.
Жараёнларда иштирок этаётган ёшларнинг 100 нафари билан куннинг биринчи яримида иш берувчилар ўртасида меҳнат шартномалари имзоланди.
***
4Р24 “Чиноз ш. – Дўстобод ш. – Оққўрғон ш. – А373 автомобиль йўли”нинг Оққўрғон тумани ҳудудидан ўтган айрим қисмлари таъмирталаб бўлиб қолган эди. Қишнинг совуқ ва нам келиши, шунингдек, оғир юк автомашиналарининг қатнови йўлнинг сифатига салбий таъсир кўрсатган. Шу боис бу йилги дастурга мазкур автомобиль йўлининг 36-40 километри ва 47-52 километр оралиғини жорий таъмирлаш ишлари киритилган. Айни кунларда “Қамчиқ автойўл” ИЙФУК томонидан мазкур объектларда пудрат ишлари бажарилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.