500 мингдан ортиқ шахс йўловчи ташишда ўзини ўзи банд қилган
Бугунги кунда такси хизматлари соҳаси аҳолига қулай ва тезкор транспорт хизмати кўрсатиш билан бирга, минглаб фуқароларни даромад манбаи билан таъминлаётган муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Ушбу соҳанинг барқарор ривожланиши шаҳар ва ҳудудларда ҳаракатланиш инфратузилмасини яхшилаш, хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда 200 дан ортиқ такси агрегаторлари фаолият юритиб, улар орқали йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 500 мингдан ортиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланмоқда.
Маҳаллий такси агрегаторлари томонидан рақамли платформаларни жорий этиш, онлайн буюртма қабул қилиш, электрон тўлов тизимларини интеграция қилиш ва хизмат сифатини баҳолаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар бозорда шаффофликни таъминлаш, нақд пул айланмасини қисқартириш ва расмий бандликни оширишга хизмат қилмоқда.

2026 йилги Давлат дастурида электромобилда такси хизматини кўрсатувчи фуқаролар учун қатор имтиёзлар жорий этилиши белгиланган. Хусусан, ижтимоий солиқ бўйича белгиланган тўловларда 10 фоизгача чегирма бериш, давлат ташкилотларига тегишли автотураргоҳлардан қисқа муддатли бепул фойдаланиш имкониятини яратиш, узоқ муддат давомида қоидаларга риоя қилган ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаган ҳайдовчиларни рағбатлантириш чоралари назарда тутилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан маҳаллий такси агрегаторлари ва такси хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда депутатлар томонидан уларнинг рақамли инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш, соҳада тенг рақобат муҳитини таъминлаш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берилди.
М.Комилова,
ЎзА