Меҳнат фахрийси, моҳир шифокор, Ўзбекистон Қаҳрамони, Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаоли Ойшахон Қўчқорова Президент сайловида иштирок этиш учун Наманган шаҳридаги 23-сайлов участкасига оила аъзолари билан бирга келди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида улкан ҳаётий тажрибага эга бўлган Ойшахон ая 44 йиллик меҳнат фаолияти давомида Наманган шаҳар туғуруқ мажмуаси ва вилоят марказий туғуруқхонасида (ҳозирги вилоят перинатал маркази) самарали меҳнат қилди. Унинг қўл остида ўнлаб шифокорлар касб сирларини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳадисини ўрганиб, етук мутахассис бўлган.
– Ҳаётим давомида кўплаб сайловларда иштирок этганман. Бу йилги сайлов энг демократик жараён бўлганини кузатяпман, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Ойшахон Қўчқорова. – Президент сайлови ҳар бир ҳамюртимиз ҳаётида катта сиёсий аҳамиятга эга. Чунки, бугун ҳар бир фуқаронинг танлови Янги Ўзбекистоннинг эртанги фаровон турмушини таъминлашга ҳисса қўшиши лозим. Қолаверса, ҳамюртларимиз сиёсий жараёнларга бефарқ эмас. Сайлов участкасига келиб, Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, айниқса миллат келажаги ва саломатлиги учун жон куйдирадиган номзодга ишонч билдирдим. Шу ўринда, ватандошларимиз, ёшлар, нуронийлар ва маҳалла фаолларини конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, сайловда фаолликка чорлайман.
Маълумот ўрнида, Наманган хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми биносида жойлашган 23-сайлов участкасида 2 минг 812 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Шундан 70 ёшдан ошган кайвони отахон, онахонлар сони 49 нафарни ташкил этади. Бу фахрийлар сайлов жараёнларида фаоллик кўрсатаётганликларини эътироф эътироф этиш жоиз. Бугун соат 13:00 ҳолатига, сайловчилардан 1 минг 132 нафари, яъни 40,3 фоизи овоз беришга улгурди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА