Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди – Сўх туманида ҳам Президент сайлови кўтаринкилик билан ўтказилмоқда. Бу ерда 30 сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, 38 мингдан зиёд сайловчилар муҳим сиёсий жараёнда иштирок этаётир.
Фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишлари учун қонун талаблари асосида барча шароитлар яратилди.
"Равон" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 866-сайлов участкасида байрамона кайфият ҳукмрон. Мазкур участкада 1 минг 14 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Муддатидан илгари Президент сайловида сўхлик ёшларнинг фаоллиги таҳсинга лойиқ. Жумладан, илк бор сайловда иштирок этаётган йигит-қизлар ҳам биринчилардан бўлиб овоз берди.
–Юртимизда бугун муҳим сиёсий жараён бўлиб ўтмоқда. Президент сайловида ўзимиз муносиб, деб билган номзодга овоз бердик. Бу бизнинг келажагимиз учун, фаровон ҳаётимиз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дейди Аҳлиёрбек Шарипов.
Туманнинг ҳар бир сайлов участкасида юртдошларимиз фаоллик билан муҳим сиёсий тадбирда қатнашмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА