Жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Хусусан, "Адолат" СДПнинг Тошкент шаҳар Кенгаши фаоллари томонидан сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилиниб, партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастури, унда илгари сурилаётган мақсад ва вазифалар хусусида тушунтиришлар олиб бориляпти.
Жумладан, 3 июль куни “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг Тошкент шаҳридаги ишончли вакили, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Собир Турсуновнинг Яккасарой тумани сайловчилари билан учрашуви ташкил этилди.
Учрашувда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари, фаол ёшлар ва хотин-қизлар, БПТлар фаоллари, депутатлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Учрашув аввалида ишончли вакил номзоднинг таржимаи ҳоли билан иштирокчиларни таништирди ва Президентликка номзоднинг Сайловолди дастурида илгари сурилаётган халқчил ва устувор ғояларнинг мақсад ва вазифалари, мазмун ва моҳияти тўғрисида ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлар берди.
Таъкидланганидек, номзоднинг Сайловолди дастурида мамлакатимизда адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини кўрилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Сайловолди дастурда нафақат олимларни, балки ихтиро ва ихтирочиларнинг ҳам қўллаб-қувватланиши, рағбатлантирилиши ва уларга зарур шарт-шароитлар яратилиши ҳам муҳим мақсад этиб белгиланган.
Номзоднинг ишончли вакили мазкур мақсад ва вазифалар ҳақида айтиб ўтар экан иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш чораларини кўрилиши каби муҳим аҳамият касб этувчи йўналишлар қамраб олинганини айтиб ўтди.
Учрашув якунида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Шунингдек, жорий йилнинг 4 июль куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги аҳоли гавжум масканларда, жумладан, савдо шохобчаларида, маҳаллаларда партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан Президентликка номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастурини тарғиб қилиш, сайловчиларни партия номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақириш мақсадида кўчма тарғибот пунктлари ташкил қилинди.
Мазкур тадбирлар давомида сайловчиларга Президентликка номзод Робахон Махмудованинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти, Сайловолди дастуридан ўрин олган устувор мақсад ва ғоялар юзасидан батафсил тушунчалар берилиб, номзод дастурида илгари сурилаётган таклифлар акс этган флаерлар, буклетлар ва бошқа тарқатма материаллар тарқатилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Адолат” СДПнинг нафақат Тошкент шаҳар Кенгашида балки партиянинг барча бўғинларида фаоллар томонидан ташкил этилаётган тарғибот тадбирлари сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмаган юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий фаоллигини оширишга, кутилаётган муҳим сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишларига ундамоқда.
ЎзА