Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Округ сайлов комиссияси аъзолари, мутасадди ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишда муддатидан илгари ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси сайловини ўтказишга тайёргарлик, шунингдек, сайлов куни сайлов участкаларида жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.
Сайловга тайёргарлик ишлари ҳолати бўйича округ сайлов комиссияси раиси Комилжон Комиловнинг ҳисоботи эшитилди. Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш 28 июнда бошланди ва 5 июль куни ниҳоясига етди. Шу муддат давомида 2-Андижон округи ҳудудида жами 22 минг 507 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.
[gallery-12642]
2-Андижон округи ҳудудидаги мавжуд 928 сайлов участкаси овоз бериш учун шай ҳолатга келтирилди. Участкалар зарур жиҳозлар, оргтехника ва алоқа воситалари билан тўлиқ таъминланди. Овоз бериш хонасига олиб борувчи йўлларда сайлов участкасининг белгиланган шаклдаги кўрсаткичлари, ахборот стендлари сайловчилар учун қулай жойларга жойлаштирилди. Шунингдек, ногиронлиги бор шахслар учун ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари, пандуслар белгиланган талабларга асосан ўрнатилди. Округ ҳудудидаги барча участка сайлов комиссияларига овоз бериш бюллетенлари етказиб берилди. Округ ҳудудида 1 миллион 684 минг 822 нафар сайловчининг овоз бериши кутилмоқда. Уларнинг 7 минг 911 нафари биринчи бор сайлаш ҳуқуқидан фойдаланади.
Вилоят бўйича 7 минг 397 нафар кўзи ожиз сайловчининг рўйхати шакллантирилган бўлиб, улар брайль алифбоси орқали ўзлари танлаган номзодга овоз беради. Айрим сайловчилар соғлигининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра, овоз бериш учун сайлов участкасига кела олмаган тақдирда, ушбу сайловчиларнинг сайлов куни ёки шу кунга қадар қилган ёзма ёки оғзаки илтимосига биноан тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни улар турган жойда ташкил этади. Округ ҳудудида 8 минг 571 нафар фуқаронинг кўчма қутилар орқали овоз бериши кутилмоқда. Шунингдек, йиғилишда округ сайлов комиссияси аъзолари Умидахон Зокирова ҳамда Дилшодбек Рустамовнинг Асака ва Шаҳрихон туманлари сайлов участкаларидаги тайёргарлик ишлари, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саидаброр Асқаровнинг сайлов участкаларида жамоат тартибини сақлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар юзасидан ҳисоботлари ҳам тингланди.
Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА