Оқ уй АҚШнинг бир гуруҳ собиқ юқори мартабали амалдорлари Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Украина зиддияти юзасидан норасмий музокара ўтказганини тасдиқлади.
Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби “CBS News” телеканалига берган интервьюсида шу мавзу бўйича тегишли хабарларга изоҳ берди.
– Шуни айтмоқчиманки, айни мунозаралар биз томонимиздан рағбатлантирилмаган ва бу хусусда ташббус кўрсатилмаган, қандайдир фаол шаклда қўллаб-қувватланмаган ҳам, – деди Кирби. – Президент Жо Байден айтганидек, Украинасиз Украина масаласида музокара ўтказилмайди.
АҚШ Давлат департаменти вакилининг “Reuters” агентлиги орқали берган баёнотида “Байден маъмурияти бундай муҳокамаларга рухсат бермагани” айтилади.
“NBC News” телеканалининг олти манбадан олинган маълумотига кўра, апрелда БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши пайтида Лавров бир неча соат давомида америкалик экспертлар билан суҳбатлашган. Журналистлар айтишича, учрашувда Америка томонидан собиқ дипломат Ричард Хаас, Жоржтаун университети профессори Чарльз Купчан ва Йель университетининг Россия, Шарқий Европа ва Евросиёни ўрганиш дастури ҳамраиси Томас Грэм қатнашган. Бошқа манбалар тасдиқлашича, муҳокамада Пентагоннинг собиқ раҳбари ёрдамчиси Мэри Бет Лонг ҳам иштирок этган.
Музокарада Россия томонидан олимлар, йирик таҳлилий марказлар ва тадқиқотлар институтлари раҳбарлари ҳамда мамлакат ташқи сиёсати соҳасининг бошқа вакиллари иштирок этган, дея қайд этишган журналистлар суҳбатдошлари.
Украина Президенти девони расмий вакили манбаси очиқланмаган хабарларни шарҳламаслиги, Киевнинг бу хусусдаги қараши ўзгаришсиз қолаётганини айтди.
– Украина тақдири Украинасиз ҳал этилиши мумкин эмас, – деди у. – Давлатимиз раҳбари ва бошқа расмийларимиз бу ҳақда кўп гапиришган. Улар ўз номини яширмасдан, очиқ-ойдин баёнот беришган.