Мамлакатимизда шу йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ўтган давр мобайнида қизғин ҳозирлик кўрилди. Тайёргарлик ишлари қонунчилигимизда белгиланган тартиб-қоидалар ва талаблар асосида ташкил этилди.
Ниҳоят, муҳим сиёсий тадбир яқин — сайловга 2 кун фурсат қолди. Хўш, сайловни ўтказиш ва овоз беришда муҳим ўрин тутадиган сайлов участкалари бу жараёнга қай даражада тайёр?
Аввало, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 49-50-моддаларида овоз бериш бинолари ҳамда участка сайлов комиссиялари биноларининг ҳолати, ушбу бинолар ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар белгиланган.
Унга кўра, овоз бериш биноларида яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенларини бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак. Овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбирлар ўтказилишига рухсат этилмайди. Биноларни жиҳозлаш ва уларда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти участка сайлов комиссиясининг зиммасида бўлади.
Шунингдек, қонунчилигимизда давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шартлиги белгиланган. Лозим бўлган даражада жиҳозланган овоз бериш бинолари сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн бир кун олдин тақдим этилиши керак.
Участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни жиҳозлашда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи, герби, сайлов участкасининг тартиб рақами кўрсатилган пешлавҳа, яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари, сайлов қутилари, зарурат бўлса, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари, кузатувчилар учун алоҳида жойлар, сайлов санасига бағишланган плакатлар, сайлов участкасининг харитаси, участка сайлов комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчиликлар жадвали ҳақидаги ахборот, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотлар жойлаштириладиган махсус стенд, барча рўйхатга олинган номзодларнинг таржимаи ҳоли ва дастури кабилар, албатта, бўлиши керак.
Бундан ташқари, зарур мебель, офис техника воситалари — телефон, принтер, Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш имкониятига эга бўлган компьютерлар, сейф, канцелярия товарлари билан таъминланиши лозим.
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 86-умумтаълим мактабида жойлашган 443-сайлов участкаси билан танишдик. Участка юқорида қайд этилган талабларга жавоб берадиган даражада жиҳозланган.
— Бизнинг сайлов участкамиз ҳудудида жами 2 минг 275 нафар сайловчилар рўйхатдан ўтган, — дейди 443-участка сайлов комиссияси раиси Феруза Турсуметова. — Уларнинг 40 фоизини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шунингдек, 31 нафари биринчи марта овоз берувчи йигит-қизлар ҳисобланади. Участка сайлов комиссиямизнинг барча аъзолари сайлов жараёнига тайёр. Бундан ташқари, участка биноси барча керакли жиҳозлар билан таъминланган. Кўчма урналар ҳам тайёрлаб қўйилган. Чунки участкамиз ҳудудида 40 нафар келолмайдиган ва ётоқдаги қарияларимиз бор. Уларнинг уйига борган ҳолда овоз бериш ташкил этилади. Шу билан бирга, овоз бериш биносига ногиронлар аравачаси кирадиган пандуслар ўрнатилган, 3-овоз бериш кабинамиз эса ногиронлар учун мўлжалланган.
Сайлов куни тиббиёт ходимлари ҳам навбати билан ишлаб туришади. Тиббиёт хонаси мавжуд бўлиб, барча белгиланган дори воситалари ва тиббиёт асбоблари билан таъминланган. Бир сўз билан айтганда, сайлов участкамиз шу йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайловини муносиб ўтказишга, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнларига тўла шай ҳолатда турибди, — дейди участка сайлов комиссияси раиси.
Дарҳақиқат, олдимизда турган муҳим сиёсий тадбир юртимиз ва халқимиз эртаси, фарзандларимиз келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шундай экан, ушбу тадбирни муносиб тарзда ўтказиш, унда фаол иштирок этиш муҳим. Бунинг учун эса республикамиз ҳудудидаги барча сайлов участкалари тайёр ҳолатга келтирилган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА