
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчиллга мамлакатнинг келгуси йил учун йиллик бюджетини тақдим қилишади. Бош вазир ҳужжат билан танишиб чиқиб, маданият учун ажратмалар йўқлиги сабабини сўрайди. Шунда молия вазири “ахир уруш кетяпти, қанақа маданият ҳақида гапиряпсиз” деб жавоб беради. Бунга жавобан Черчилль “Маданиятга пул ажратмас экансиз биз нима учун жанг қиляпмиз” деган экан.
Ҳақиқатан ҳам маданият миллатнинг борлигини билдириб туради. Музейлар эса миллий маданиятнинг ёрқин намунаси, давлат тарихининг тирик гувоҳларини сақловчи, ўрганувчи ва оммага намойиш этувчи маскан ҳисобланади.
Кейинги йилларда ҳукумат томонидан музейларга эътибор кучайди. “Музейлар тўғрисида” ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Музейларда сервис тизимини такомиллаштириш ҳақида Президент қарори қабул қилинди. Ўзбекистон музейлари бир нечта хорижий кўргазмаларда иштирок этди ва бу жараён давом этмоқда. Шу билан бирга тизимда ҳал этилишини кутиб турган муаммолар кўп. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигига юборилган парламент сўрови натижалари хусусида йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда музейларнинг бугунги ҳолати юзасидан бир қатор муаммолар кўриб чиқилди.
Жумладан, музей биноларидан ташқарида музей ашёлари ва коллекцияларининг маҳаллий ва хорижий кўргазмаларини ташкил этиш ва ўтказиш қоидалари белгиланмаганлиги қайд этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 23 декабрдаги “Республика музейлари фаолиятини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ “Экспонатларни (кўргазма нусхаларини) хорижга олиб чиқиш ҳамда хорижда музей фонди, жамоат ва шахсий тўпламларнинг кўргазмаларини ўтказиш қоидалари” тасдиқланган. Аммо унда музейдан ташқарида маҳаллий кўргазмаларни ташкил этиш ва ўтказиш қоидалари белгиланмаган. Шунингдек, ушбу қоидалар музей ашёлари иштирокида маҳаллий ва хорижий кўргазмаларни ташкил этиш ва ўтказишнинг барча жиҳатларини тўлиқ қамраб олмаган.
Йиғилишда музей биноларини қуриш, таъмирлаш, музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан жиҳозлаш меъёрлари ишлаб чиқилмаганлиги қайд этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 октябрдаги “Музейлар фаолиятига тааллуқли меъёрий ҳужжатлар тўғрисида” ва 2010 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида” ги қонунини рўёбга чиқариш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида” ги қарорлари қабул қилинган. Ушбу ҳужжатларда музейларни ташкил этиш, музей ашёларини сақлаш, ўрганиш ва намойиш этиш қоидалари белгиланган. Аммо музей биносига қўйиладиган талаблар, фонд захира хоналари, экспозиция заллари ва бошқа ёрдамчи хоналарни музей ашёларининг хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан жиҳозлаш қоидалари белгиланмаган.
Яқин-яқингача совет даврида ишлаб чиқилган музей биноларини қуриш қоидалари амал қилиб келарди. Аммо кейинги вақтларда дунё музейларида амалга оширилаётган инновацион ёндашувлар, мамлакатимизда ҳам музейларда сервис соҳасини ривожлантиришга доир қабул қилинаётган қарор ва фармонларда кўзда тутилган янгиликларни амалга татбиқ қилишда замонавий ечимларга эга бўлган музей биноларига зарурат туғиляпти. Аксарият музейлар бинолари таъмирталаб ҳолатда эканлиги, иситиш ва совитиш тизими ишламаслиги, моддий-техник базаси маънан эскирганлиги, музей экспозицияларини техник жиҳозлаш музей талаблари ва стандартларига мос келмаслиги, музей фондларида ҳарорат ва намлик меъёрлари бузилаётганлиги, музейлар экспозиция майдони торлигидан ноёб ашёлар захира хоналарда қолиб кетаётганлиги ҳам йиғилишда қайд этилган.
Музейларда ойлик маошларнинг пастлиги кадрлар қўнимсизлигига сабаб бўлаётганлиги, илмий-фундаментал лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимининг яратилмаганлиги ҳам йиғилиш кун тартибида муҳокама қилинди. Ўзбекистондаги барча музейларда кейинги 30 йил давомида кадрлар масаласида муаммолар юзага келган. Яъни, ўтган асрнинг 90-йилларида музей соҳасига эътиборнинг сусайиши натижасида ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими ҳам ислоҳ қилинмади. Оқибатда музейларда кадрлар қўнимсизлиги юз берди. Деярли барча музейлардаги салоҳиятли кадрлар яхшироқ маош тўланадиган соҳаларга ўтиб кетди. Музейлар олдида эса иш сўраб келган ҳар қандай кадрни ишга олишдан бошқа чора қолмади. Бунинг натижасида музейларда ўз ишини билмайдиган, вақт ўтказиш ва иш стажи кетиши учун ишлайдиган ходимлар йиғила бошлади. Бутун ўтган давр мобайнида фақат бир марта Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 5 мартдаги “Музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ музей ходимлари маошига 25 фоиз устама ҳақ қўшиб бериш йўлга қўйилган. Аммо шу билан ҳам музей ходимлари ўзларига юклатилган масъулиятдан бир неча баробар кам маош билан кифояланишга мажбур бўлмоқда.
Музейлар нафақат томошабинлар учун тарихга саёҳат қилиш имконини тақдим қилувчи маскан, балки улар бир вақтнинг ўзида улкан илмий лаборатория ҳамдир. Музейлар фондлари ва архивларида тарихимизга тааллуқли бўлган, ўз тадқиқотчисини кутиб турган бир неча юз минглаб манбалар мавжуд. Уларни тадқиқ этиш, илмий муомалага киритиш ватанимиз тарихининг очилмаган саҳифаларини ёритиш имконини беради. Аммо таъкидланганидек, музейларда илмий-фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳалигача яратилмаган. Ўйлаймизки, Олий Мажлис Сенатининг йиғилиши юзасидан қабул қилган қарорлари соҳада олдинга силжишларга имкон яратади.
Маҳмудхон Юнусов,
музейшунос
ЎзА.