Сўнгги йилларда Тошкент шаҳри барча туманлари бўйлаб коммунал соҳада ҳам жадал ўзгаришлар кузатилмоқда. Ижодий гуруҳимиз билан Бектемир туманида куннинг жазирама иссиқ ҳавосига қарамасдан жойларда ҳар бир соатдан унумли фойдаланиб, мавсумий камчиликлар олдини олиш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилаётганига гувоҳи бўлдик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги 172-сонли қарорига асосан 2022 йил “Обод қишлоқ-Обод маҳалла” дастури юзасидан Бектемир туман ҳудудида ижтимоий объектларни қуриш бўйича “Ягона буюртмачи инжинеринг компанияси” буюртмачи томонидан “Ийик ота” маҳалла ҳудудида 990 ўринли янги мактаб қурилиши амалга оширилмоқда. Ушбу мактаб янги ўқув йилида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шунингдек, “Ийик ота” маҳалласи ҳудудидаги 347-сонли умумтаълим мактаби биноси ён қисмига 660 ўринли қўшимча бино қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Бектемир туманида жойлашган кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, "Роҳат" маҳалласи ҳудудидаги 28-уйнинг ертўла қисмида таъмирлаш ишлариолиб борилиб, муддати эскирган қувурлар янгиларига алмаштирилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YBpR_Ayb7Sk" title="Бектемир тумани: ўзгариш ва янгиланишлар" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 9 февралдаги 50-сонли Президент қарорига асосан амалга ошириладиган тадбирлар учун ажратилган маблағларни ҳисобидан "Миришкор" маҳалласи ҳудудидаги 34-уйнинг кириш йўлаклари мукаммал таъмирланмоқда. “Нурлийул” маҳалла фуқаролар йиғини “Меҳнатобод” кўчасида узунлиги 700 м бўлган пиёдалар йўлаги барпо этилиб, “Роҳат” маҳалласи 32-уйнинг орқа қисмида мевали ва манзарали кўчатлар учун суғориш тизими ўрнатилди.
Мавсумий электр энергияси таъминоти узилишларини олдини олиш мақсадида, Бектемир тумани Электр таъминоти корхонаси томонидан “Забардаст” маҳалласида янги трансформатор ўрнатилиб, монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Бектемир туманининг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларни ободонлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 175-сонли қарорига кўра "Мусаффо" маҳалласининг ташқи кўринишини янада яхшилаш ҳамда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида "Нурафшон" ва Навбаҳор кўчаларига жами 13 минг 700 кв.м асфальт қопламаси ётқизилаётганини кузатишимиз мумкин.
Масъулларнинг айтишича, яна бир йил 2024 йилнинг 1 июлига қадар Бектемир тумани архитектура қиёфаси босқичма-босқич буткул янгича қиёфа касб этаркан. Нима бўлганда ҳам, амалда бажарилаётган ишлар кўп йиллар давомида маҳаллий аҳолининг яшаш тарзини енгиллаштиришга хизмат қилади деган умиддамиз.
М.Турдалиева, А.Содиқов ЎзА