
Бухоро вилояти Жондор туманидаги 219-сайлов участкасида ҳозирга қадар 17 нафар фуқаро айрим сабаблар билан муддатидан олдин овоз берди.
–Туман ички ишлар бўлими ходимиман, – дейди юртимиз келажагига бефарқ эмаслигини билдирган фуқаро Сардор Дилмуродов. – Сайлов куни хизмат сафарида бўламан. Шунинг учун муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаландим. Ҳеч кимнинг аралашувисиз Президентликка ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим.
Сардор Дилмуродов сингари сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар яшаш ҳудудларидаги участкаларда муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида иштирок этмоқда.

149-сайлов участкаси Бухоро туманидаги 2-мактабда жойлашган. Жорий йилнинг 28 июнидан Президент сайлови учун муддатидан олдин овоз бериш имконияти мавжуд. Мазкур участка ҳудудида рўйхатда турган сайловчиларнинг баъзилари бу имкониятдан фойдаланмоқда.
– Айни пайтда меҳнат таътилидаман, – дейди ўқитувчи Гузаля Сунгатулина. – 9 июль куни қариндошларимни кўриш учун хорижга чиқаман. Шу боис конституцион ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда муддатидан олдин овоз бердим.
Гузаля Сунгатулина каби сайлов куни турар жойида бўлмайдиган сайловчилар муддатидан олдин овоз бериш жараёнида иштирок этяпти.
Маълумот учун, бу сиёсий жараёнда қатнашиш учун сайловчи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан сайлов участкасига бориши керак.
Зариф Комилов, ЎзА