
Ватанимизнинг мўъжаз тасвири
Ватанимиз гербини жонажон Ўзбекистонимизнинг мўъжаз тасвири аташ мумкин. Унда диёримизнинг тафти қайноқ қуёши, бетакрор табиат манзаралари, пурвиқор тоғлари, олтин водийлари, биз бугун мудом асраб-авайлашга масъул бўлган зангор сувлари, яшил боғлари ўз аксини топган. Ҳумо қуши - бахт қуши. 1991 йилда эришган Мустақиллигимиз, Эркимиз, Озодлигимиз, Ҳурлигимиз, том маънодаги бахту саодатимиз рамзи.
Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги 616-XII-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида» ги Қонуни билан тасдиқланган.
Мазкур қонуннинг 2-моддасида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзи экани белгилаб қўйилган.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳларининг, Олий Мажлис палаталарининг, Вазирлар Маҳкамасининг, республика давлат бошқаруви органларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардия, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссиясининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, судлар, прокуратура, мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларининг олд томонига жойлаштирилади...
Биз учун муқаддас ва қадрдон бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қонунларимиз, Президент фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Олий Мажлис палаталари қарорларида, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида, вазирликлар,давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг бланкаларда акс эттирилган...
Мамлакатимиз ҳаётига оид ҳар бир янгилик ва ўзгаришлар, ислоҳотлар шиддати, содда тил билан айтганда, Ўзбекистоннинг томир уриши биз учун азиз ва муқаддас мазкур рамз билан узвий боғлиқдир. Халқимизнинг қувончи, тақдири, бугуни ва келажаги, истиқболимиз айнан Ўзбекистон Республикаси Давлат герби билан уйғун. Бугун жаҳонда янгиланаётган Ўзбекистон сифатида ном қозониб бораётган Ватанимиздаги ўзгаришлар юртимиз давлат гербига вобаста экани билан диққатга сазовордир.
Юртимизда белгиланган қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган барча шахс давлатимиз гербини ҳурмат қилиши шарт.
Н.Усмонова, ЎзА