Ҳозир исроф қилаётган сув фарзандларимизники эканини унутмайлик!
Жўмракдан игнадек сизиб оқаётган сув ҳажми бир суткада 840 лиртга етиши мумкин.
Бир қултум сув инсонни ҳаётга қайтаради
Ёзнинг жазирама кунлари шифокорлар кунига 3-5 литрдан кам сув ичмасликни маслаҳат беришади. Инсон кучли чанқаганида оғиз бўшлиғи қуриб, кўз олди хиралашади, ҳолсизланиб, ҳатто юришга ҳам кучи қолмайди. Шундай пайтларда кўзимизга бир қултум сувдан бошқа нарса кўринмайди. Ана шу бир қултумгина сув бизни ҳаётга қайтаради, танамизга куч-қувват беради.
Қанча аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган?
Хўш, юртимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
Мутахассисларнинг маълум қилишича, сўнгги 6 йилда мамлакатимизда аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга 10 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 1176 та сув иншооти ва 20,8 минг километр ичимлик суви тармоқлари тортилган.
— Бундан 5-6 йил муқаддам аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 60 фоиз эди, — дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ матбуот котиби Акмал Муродов. — Бугунги кунга келиб жорий йилнинг 1 январь ҳолатида ушбу кўрсаткич, 74,4 фоизни ташкил этмоқда.
Ушбу давр мобайнида 8,2 миллион нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. 4,8 миллион нафар аҳолининг эса ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Сувнинг қадрига етяпмизми?
Хўш, биз-чи? Сувнинг қадрига етяпмизми? Сув биз учун ҳаёт-мамот масаласи эканини биламизу, аммо уни тўғри сарфлашни истамаймиз. Ҳозир кўплаб хонадонларга кирсангиз, ерда ётган шланкалардан, артезиан жўмракларидан игнадек сув сизиб оқиб ётганига кўзингиз тушади. Ана шу жўмракдан игнадек сизиб оқаётган сув ҳажми бир суткада 840 литрга етиши ҳақида тасаввур ҳам қилмаймиз. Энди мана шу кўрсаткични 30 кунга кўпайтиринг. 25 минг 200 литр сув исроф бўляпти, дегани.
Ўзбекистонда ҳам сув тақчиллиги ошмоқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб сайёрамизда сув ресурслари тақчиллиги 40 фоизга етиши мумкин экан. Ўзбекистонда эса сув тақчиллиги сезиларли даражада ошиб бориши натижасида сўнгги 15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти икки баравар камайган.
Жорий йилнинг май ойида Сирдарё ҳавзасида ҳам сезиларли сув тақчиллиги рўй берган. Тўрт мамлакатдан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси (йирик ирмоқлари Норин, Қорадарё, Чирчиқ дарёлари билан) ҳавзасида ҳам қуруқ ўтган май ойида сезиларли сув дефицити рўй берган. Бу сувимиз беҳисоб эмаслигидан дарак беради.
Сувнинг ҳисоби борлигини, уни асраб-авайлаб ишлатиш кераклигини бутун дунё тушуниб етди. Мисол учун Германиянинг айрим қисмларида ёз кунлари аҳоли сувни тежашга мажбур бўлмоқда. Баъзи жойларда аллақачон боғлар ва майсазорларни кундузги соатларда қудуқлардан суғориш, машина ювиш, бассейнлар учун сув олиш бўйича чекловлар жорий қилинган.
Бизда ҳам шундай чекловлар борми?
– Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ўғрилик жинояти деб баҳоланади, — дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати бош мутахассиси Акмал Қодиров. — Бу нормани жорий этиш бўйича қонун Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинди.
Сенаторлар мазкур мажлисда “Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунини кўриб чиқди.
Мазкур қонун амалиётга жорий этилса, албатта водопроводдан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига чек қўйилади. Ҳозир ҳам республикамизнинг айрим ҳудудларида аҳоли тоза ичимлик сувини узоқлардан ташиб келиб ичаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, уйимизда оқиб турган сув фақат ўзимизга тегишли эмаслигини унутмайлик.
Нигора Раҳмонова, ЎзА