
Тошкент вилоятида жойлашган «Тошкент денгизи» негизида Мудофаа вазирлиги спорт маркази эшкак эшиш базасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Ҳамдам Қаршиев, полковник Зоиржон Бозорбоев, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов иштирок этиб, мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантиришга ва уни ёшлар орасида кенг оммалаштиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Тадбирда қайд этилганидек, Мудофаа вазирлиги спортчиларнинг мунтазам машғулот олиб боришлари учун шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Замонавий кўринишда қад ростлаган спорт базаси дастлаб 1973 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, ушбу кунга қадар ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб борилмаган.
Шунга қарамай, спортчилар малакали мураббийлар қўл остида жаҳон ареналарининг нуфузли мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олаётган эди. Бу уларнинг ватанпарварлик, метин ирода ва ғалаба учун юқори иштиёқидан далолат.

Ушбу янги спорт базаси келажакда мамлакатимиз терма жамоасига капитан Вадим Менков, кичик сержантлар Дилноза Раҳматова, Нилуфар Зокирова, Қуролли Кучлар хизматчилари Артур Гулиев, Шаҳриёр Маҳамов ва Шахбоз Холмирзаев каби иқтидорли ва умидли спортчиларни тайёрлашда таянч базага айланиши шубҳасиз.
ЎзА