Бўстонлиқ туманида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирга фахрий журналистлар, матбуот, ахборот агентликлари, телевидение ва радио, интернет нашрларида фаолият кўрсатаётган соҳа ходимлари, блогерлар ва ёш ижодкорлар таклиф этилди.
Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев барча журналистларни табриклади. Эътироф этилганидек, вилоят матбуоти ўзининг кўп йиллик тарихига эга. Ҳозир вилоятида 50 га яқин босма оммавий ахборот воситалари фаолият юритади, юзага келган интернет платформаларининг умумий аудиторияси йил сайин ортмоқда. Барча туман ва шаҳарларда ҳудудий нашрлар узлуксиз чоп этилмоқда. Хусусан, ҳудудий телеканалларнинг самарали фаолияти йўлга қўйилгани вилоят ижтимоий ҳаётини ёритишда муҳим аҳамият касб этяпти. Умуман олганда, жорий йил ҳудуд журналистларининг ижодий фаолиятларида баракали ва самарали йил бўлди. Уларнинг заҳматли меҳнатлари алоҳида эътироф этилмоқда.
Жумладан, Президентимиз фармонига асосан соҳадаги самарали фаолияти учун Зангиота тумани “Истиқбол” газетаси мухбири Жамила Арслонова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бундай ютуқларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Байрам тадбирида вилоят қалам аҳли вакиллари, фахрийлар, соҳанинг етук намояндалари, устоз журналистларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Санъат усталари ва ижодкор ёшлар томонидан тайёрланган концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди.
А.Мусаев,ЎзА.