Бухорода ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ жиноий фаолиятга чек қўйилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилояти ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Натижада Ромитан тумани Боғисайдон маҳалласида яшовчи, 1968 йилда туғилган фуқаро М.М. исмли шахс бошқа бир фуқаро У.Ж. ни алдаб унинг ишончига киради. Унга Ромитан тумани ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобида бўлган, Ҳазорбоғ қишлоғи ҳудудида жойлашган умумий майдони 7.57 гектарга тенг бўлган ер майдонидан 3,5 гектарини унинг эгалигига ўтказиб беришини ваъда қилади. Эвазига ундан 40 минг АҚШ долларини талаб қилган ва келишилган сумманинг бир қисми яъни, 10 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан Бухоро шаҳар Бохарзий кўчасида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан фуқаро М.М. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА